Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида фуқаро пичоқлангани ҳақида хабар қилинди. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси «Дарё»га маълумот берди.
Қайд этилишича, 8 август куни Яккабоғ тумани, Қўшилиш қишлоғида яшовчи 30 ёшли йигит маҳалладошига «нега синглимга телефон қиласан» деб, синглисининг шаъни ва қадр қимматини камситишда, оиласининг тинчлигини бузишда айблаб, қўлидаги пичоқ билан маҳалладошининг танасининг турли қисмларига уриб, жароҳат етказа бошлаган.
Жабрланувчи олган тан жароҳатлари билан қочиб қутулиш учун одамлардан бақириб ёрдам сўраб, пахта даласи билан ёнма-ён бўлган тут плантацияси ичига қочиб кирган.
Жабрланувчининг бақириб ёрдам сўраганини эшитган фуқаролар ҳодиса жойига етиб келган. Гумондор жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда охирга етказа олмасдан, қўлидаги пичоқ билан ҳодиса жойидан қочиб яширинган.
Шифокорлар томонидан жабрланувчига кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Мазкур ҳолат юзасидан 8 август куни Яккабоғ тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳ (0)