Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳридаги элчихонаси кўмагида мазкур мамлакатда фаолият кўрсатадиган «Ajlan & Bros Holding Group Company» компанияси ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида Ҳамкорликка оид англашув меморандумини ишлаб чиқиш муҳокамасига бағишланган видеомулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда Дунё ахборот агентлиги.
Қайд этилишича, онлайн суҳбат чоғида «Ajlan & Bros» компанияси вакиллари ҳозирги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бораётгани ва республика нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки бутун дунё ҳамжамиятидаги ўзининг муносиб ўрнини тобора мустаҳкамлаб бораётгани айтган.
Шу ўринда, компания томонидан ҳозирги кунларда Ўзбекистоннинг мева-сабзавот ва асаларичилик соҳаларидаги лойиҳаларига тўғридан-тўғри инвестиция киритиш ҳамда мамлакатда етиштирилган маҳсулотларни Саудия Арабистонига импорт қилиш устида иш олиб бораётгани маълум қилган.
Шу боис Ўзбекистон элчихонаси томонидан икки давлат ўртасидаги алоқалар даражаси ҳисобга олинган ҳолда икки томон ўртасида ҳамкорликка оид Англашув меморандуми имзолаш таклиф этилган. Таклиф икки томонга ҳам маъқул келган
Учрашув якунида Саудия Арабистони томони меморандум лойиҳасини тақдим этиб, қисқа фурсатларда мазкур ҳужжатни имзолаш бўйича ўзбек томонининг фикр-мулоҳазаларини олишга умид билдирган.
Мавзуга доир: