Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

АҚШ вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси 2022 йил 2 август куни самолётда Малайзиядан парвоз қилиб Индонезия, Бруней ва Филиппин мамлакатлари устидан учиб ўтиб, Тайванга келди. Шу тариқа АҚШ вакиллар палатаси спикерининг 25 йил ичидаги оролга илк ташрифи бошланди. Сиёсатчи дарҳол Тайван суверенитетининг бир томонлама бузилишига қарши эканлиги ҳақида баёнот берган.

Фото: AP Photo

Фото: AP Photo

Хитой ҳам бу каби ҳаракат суверенитетнинг бузилиши эканлиги ҳақида огоҳлантирган ва бунинг оқибатлари яхши бўлмаслигини баён этганди. Пекин Тайван бўғози устидан фуқаролик авиацияси самолётларининг парвозини тақиқлаб қўйган. Хитой ТИВ Тайван масаласини мамлакатнинг ички иши деб атаган ва унга бошқа давлатларнинг аралашмаслиги кераклигини таъкидлаган.

Аввалроқ Хитой ҳукумати шу ҳафта пайшанбадан – якшанбагача Тайван соҳилларида ҳарбий-денгиз машғулотлари ўтказилиши режалаштирилганини эълон қилган.

Тайван (ёки Хитой Республикаси) мустақиллиги қисман тан олинган давлат, унинг суверенитетини 14 та мамлакат расман тан олган. Хитой республикасига расман 1911 йилда асос солинган, бироқ ҳозирги Тайван ҳудудидаги давлат 1950 йиллар бошида фуқаролар урушидан кейин қочган Гоминдан тарафдорлари бу ерга келган вақтида шаклланган. АҚШ ўша вақтда Хитой халқ республикасини расман тан олмаган, чунки Тайвандаги ҳукуматни қонуний деб ҳисоблаган.

1970 йиллар бошигача Тайван БМТда Хитой номидан иш кўрган. Аммо Ричард Никсоннинг ХХРга расмий ташриф билан келиши, АҚШ-Хитой муносабатларининг яхшиланиши коммунистик мамлакатнинг халқаро ҳуқуқ субъекти экани тан олинишига сабаб бўлди. Шундан буён Тайванга амалга ошириладиган ҳар қандай сиёсий ташриф Пекин учун халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши сифатида баҳоланади.

АҚШ расман Тайванни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди, мудофаа соҳасида ҳам кўмак бериб келади.

1997 йилда Тайванга АҚШ вакиллар палатаси спикери Нют Гингрич ташриф билан келганди. Тайбейда у мустақиллиги қисман тан олинган мамлакатнинг президенти Ли Ден Хуэй билан учрашган. Пекин бунга Гонконг ва Макао ХХРга қўшиб олинаётгани туфайли кескин эътироз қилмаганди.

31 июлда Пелосининг АҚШ конгрессменлари делегацияси билан бирга Осиё бўйлаб саёҳати бошланди. Сиёсатчининг расмий сайтида АҚШ конгрессменлари тўртта давлат Сингапур, Малайзия, Жанубий Корея ва Японияда бўлиши хабар қилинган. Ташрифнинг асосий мавзулари «тинчлик, хавфсизлик, иқтисодий тараққиёт ва савдо, COVID-19 пандемияси, иқлим инқирози, инсон ҳуқуқлари ва демократик бошқарув» экани қайд этилганди.

Дастлаб Тайван Пелоси ташрифининг нуқталаридан бири эканлиги ошкор қилинмаган. Конгресс вакиллар палатаси спикери апрель ойида Тайванга келишни режа қилган, аммо коронавирусга чалингани туфайли ушбу саёҳат кечиктирилганди. Сиёсатчи Тайбейдаги сиёсий вазиятни ўнглашга ҳаракат қилмоқчи эканлиги ҳақида расмий баёнот бермаган, лекин ушбу имкониятдан фойдаланмаслиги тўғрисида ҳам гапирмаган.

Оқ уй ҳам Пелосининг Тайванга бориш режаси бўлганини тасдиқламаган. АҚШ президенти администрацияси Пелосининг америкалик ҳар қандай конгрессмен каби Тайванга бориш ҳуқуқига эга эканлигини билдирган. АҚШ конституциясига кўра Пелоси мамлакатда президент ва вице-президентдан кейинги учинчи энг катта мансабдор шахс ҳисобланади.

Хитой ҳамда АҚШ ўртасидаги муносабатлар Пелосининг Тайванга ташрифидан кейин янада кескинлашди. Пекин Вашингтонга «ягона Хитой» принципига риоя қилишни эслатган, мазкур принципга кўра Тайван суверенитетга эга эмас. АҚШ сиёсатчисининг Тайванга ташрифи ХХР суверенитетининг бузилиши деб баҳоланмоқда.

«Америка томони ўз йўлидан юришга чақиради, Хитой ҳарбийлари эса бунга қўл қовуштириб қараб турмайди, шубҳасиз ички сиёсатга ҳар қандай аралашувларга ва «Тайван мустақиллиги» айирмакашлик фитналарига нисбатан кескин чоралар кўрилади, шунингдек ҳарбийлар миллий суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилади», — дея баёнот берган Хитой мудофаа вазири Тан Кефей 26 июлда.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маданият
«Худодан қўрқмаган одамдан қўрқдим». Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов оилавий низолар туфайли ижара уйда яшамоқда (видео)
Маҳаллий
«Одамлар ўлимида ўзимни айбдор ҳисобламайман» — Нукусдаги тартибсизликлар етакчиси Даулетмурат Тажимуратов
Маҳаллий
Самарқандда ўқувчининг онаси «замдиректор»ни калтаклади