Шимолий ва Жанубий Америка мамлакатлари мудофаа вазирларининг 15-конференцияси (CMDA) якунлари бўйича давлатлар вакиллари Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирувчи декларацияни имзолади. Бу ҳақда Correio Braziliense хабар берди.
Конференциясида 21 давлат, жумладан АҚШ, Канада, Бразилия, Колумбия, Мексика, Аргентина, Чили ва бошқалар иштирок этди. Барча иштирокчилар якуний ҳужжатга имзо чекди, аммо ҳужжатдаги баъзи жумлалар келишмовчиликларга сабаб бўлди.
Жумладан, декларацияда Украинадаги можаро «ноқонуний, асоссиз ва провокация йўли билан қўзғатилган» деб топилиши ҳақидаги қоида мавжуд эди. CNN Брасил ёзишича, бундай позицияни, масалан, АҚШ, Канада, Парагвай ёқлаган; бироқ Аргентина ва Бразилия буни қўллаб-қувватламаган. Улар можарони баҳолашда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ролини тан олишини ҳамда инқирозни ҳал қилиш учун ушбу ташкилотни энг муносиб, деб билишини таъкидлаган. Мексика эса вазирларнинг бундай позицияси CMDA доирасига кирмайди, деб ҳисобламоқда.
Март ойи бошида БМТ Бош Ассамблеяси Россиядан «Украинага қарши куч ишлатиш»ни зудлик билан тўхтатишни ва қуролли кучларини мамлакат ҳудудидан бутунлай олиб чиқиб кетишни сўраган эди. Тегишли резолюцияга фақат Беларусь, Шимолий Корея, Эритрея, Россия ва Сурия қарши овоз берган.
Изоҳ (0)