Андижон вилояти Андижон шаҳрида 20 июль куни туғуруқхонада жанжал кўтарган эркак ушланди. Бу ҳақда Миллий гвардия хабар қилди.
Қайд этилишича, 20 июль куни соат 15:44 да Андижон шаҳар қўриқлаш бўлимига ходимлар томонидан қўриқланаётган Чоргузар кўчаси 12-уйда жойлашган 2-сонли туғуруқхонадан хабар келиб тушган.
Унга кўра, тезкор гуруҳ ходимлари туғуруқхонага етиб борганида Асака шаҳрида яшовчи фуқаро Р.Д. (1978 йилда туғилган) муассаса бош шифокори Қ.С.нинг хизмат хонасига кириб, эшикни ички қисмидан қулфлаб олган ҳолда, туғуруқ вақтида вафот этган фарзандининг ўлимида шифокорларни айблаб, уни ўлдириш билан таҳдид қилаётгани маълум бўлган.
Ходимлар ҳуқуқбузардан эшикни очишни сўраганда у прокурорни чақиришни талаб қилган.
Воқеа жойига Андижон шаҳар ИИО ва ФМБ раҳбарлари, Андижон шаҳар прокурори етиб келиб, фуқаро Р.Д.ни эшикни очишга кўндирган. Ходимлар хонага кирганда ҳуқуқбузарнинг ёнида ўткир тиғли пичоқлар ва шуруп қотириш ускунаси борлиги аниқланган.
Ушбу ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари Андижон шаҳар ИИБ томонидан олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)