Ўзбекистонда 23—26 июль кунлари илк бор давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун чет тилидан 4 та кўникма бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилди. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар қилди.
Қайд этилишича, Имтиҳонлар абитуриентларга қулай бўлиши учун барча ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри)да ташкил этилган ва абитуриентлар ўзлари танлаган ҳудудда имтиҳонларда иштирок этган. Имтиҳонлар 2 босқичда ташкил этилиб, унинг:
- 1-босқичи (ёзма қисми) 23—25 июль кунлари қоғоз шаклда;
- 2-босқичи эса 24—26 июль кунлари электрон тарзда бўлиб ўтган.
Имтиҳонлар 11 та чет тили — инглиз, немис, француз, испан, хитой, корейс, япон, ҳинд, турк, араб ва форс тиллари бўйича ташкил этилди ва чет тилларни билишнинг B1 даражаси бўйича бўлиб ўтган.
Имтиҳон натижаларини ҳисоблаш олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларига қадар якунланади ва натижалар абитуриентларнинг шахсий кабинетида эълон қилинади.
Қўшимча маълумот: чет тилидан B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентлар чет тилидан имтиҳон топширмайди. Уларга чет тили фанидан имтиҳонларсиз максимал балл берилади.
Изоҳ (0)