Туркия, Миср ва Саудия Арабистони БРИКС (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР) давлатлари гуруҳига кириш учун тайёрланмоқда. Бу ҳақда ''Известия'' газетаси ушбу ассоциация халқаро форуми президенти Пурнима Анандга таяниб, хабар берди.
«Бу мамлакатларнинг барчаси аъзоликка ўз қизиқишини билдирган ва бунинг учун ариза беришга тайёрланмоқда. Менимча, бу яхши қадам, чунки кенгайиш ҳар доим ижобий қабул қилинади, бу БРИКСнинг бутун дунё бўйлаб таъсирини ошириши аниқ», — деди форум раҳбари.
Ананднинг сўзларига кўра, ушбу давлатлар аллақачон гуруҳга қўшилиш «жараёнида». Шунингдек, Эрон ва Аргентина аъзолик учун июнь ойи охирида ариза берган. Уларнинг БРИКСга қўшилиши яқин келажакда, жумладан, гуруҳнинг 2023 йил Жанубий Африкада бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитида амалга ошиши ҳам мумкин. Пурнима Ананднинг айтишича, ассоциациянинг барча вакиллари кенгайишдан манфаатдор.
Халқаро форум президенти таъкидлаганидек, ҳозирда БРИКС қудрати ҳақиқатда намоён бўлмоқда, шу муносабат билан ассоциацияда янги дунё тартибини яратиш, масалан, ресурслар алмашинуви, савдо, молиявий ва ҳаво йўлларини ривожлантириш масалалари устида ишлай олиш имконияти бор.
Жараёндан хабардор юқори мартабали манбага кўра, июнь ойида Пекинда бўлиб ўтган саммитда БРИКСга аъзо давлатлар Саудия Арабистонининг қўшилиши масаласини ‘‘жиддий’’ муҳокама қилган, бироқ Туркия ва Миср масаласи кўтарилмаган, ваҳоланки, бу давлатлар ‘‘бир неча йилдан буён гуруҳга қўшилиш имкониятларини ўрганмоқда’’.
БРИКС 2006 йил июнида Петербург иқтисодий форуми доирасида Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой иқтисодиёт вазирлари иштирокида ташкил топган. 2010 йилда унга Жанубий Африка Республикаси қўшилган.
Изоҳ (0)