Қашқадарё вилоятининг Косон туманида уч эгизак туғилди. Уларга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шарафига Шавкат, Миромон ва Мирзиё исмлари қўйилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят Адлия бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шоҳида Шоимова хабар берди.
Маълум қилинишича, чақалоқлар 2022 йилнинг 8 июль куни туғилган.
«Косон туманининг ‘Гувалак’ маҳалласида яшовчи 26 ёшли Ўғилой Элсариева бирваракайига уч эгизак фарзандни дунёга келтирди. Эгизакларнинг туғилиши 8 июль куни соат 07:30 да Косон туман ФҲДЁ бўлими томонидан қайд қилиниб, туғилганлик гувоҳномалари топширилди», — дейди Шоҳида Шоимова.
Таъкидланишича, туғруқ табиий йўл билан, асоратсиз ўтказилган.
«Эгизакларнинг каттаси 1,2 кг, иккинчиси 2,26 ва учинчиси 1,13 кг вазн билан туғилган бўлиб, уларга Шавкат, Миромон ва Мирзиё исмлари қўйилди», — дейилади бошқарма ахборот хизмати маълумотида.
Оила вакилларининг айтишича, айни пайтда гўдакларнинг аҳволи яхши. Она ва болалар вилоят перинатал марказида шифокорлар назоратида бўлиб турибди.
Изоҳ (0)