Украина ҳарбий хизматчиларининг биринчи гуруҳи Буюк Британияга учиб келди. Бу ҳақда Буюк Британия мудофаа вазирлиги раҳбари Бен Уоллес маълум қилди, деб ёзмоқда The Independent.
Ҳарбийлар учун курслар бир неча ҳафта давом этади. Буларга қурол йиғиш, жанг майдонида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, дала кўникмалари, патруль тактикаси ва қуролли можаро қонунларини ўргатиш киради, деди Уоллес.
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон 17 июнь куни Киевга ташрифи чоғида украиналик ҳарбийларни Украинадан ташқарида тайёрлаш бўйича йирик операция бошлашни таклиф қилган эди. Британия ҳукуматига кўра, расмийлар ҳар 120 кунда 10 минггача украиналик аскарни тайёрлашни режалаштирмоқда, бу эса «кучлар мувозанатини тубдан ўзгартириши» мумкин.
Дастурда Британия ҳарбийлари тажрибасини инобатга олган ҳолда Украина қўшинларини ўқитиш ва тайёрлаш кўзда тутилган, бу эса Британия ҳукуматига кўра, Киевга «ўз кучини тиклаш ва қаршиликни кучайтириш» имконини беради.
Аввалги «Орбитал» операцияси давомида Буюк Британия 2015 йилдан бери 22 000 дан ортиқ украиналик аскарни тайёрлаган.
Изоҳ (0)