Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК) бош котиби Муҳаммад Баркиндо 63 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Нигерия миллий нефть корпорацияси (NNPC) раҳбари Меле Кяри Twitter’да маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, жаноб Баркиндо бир кун олдин, 5 июль куни кечки пайт вафот этган. Унинг ўлими сабабларига аниқлик киритилмаган.
Албатта, бу унинг яқин оиласи, NNPC, мамлакатимиз Нигерия, ОПЕК ва жаҳон энергетика ҳамжамияти учун катта йўқотиш. Дафн маросими ҳақидаги маълумотлар тез орада эълон қилинади, — деб ёзади Кяри.
Муҳаммад Баркиндо 2016 йилнинг августида уч йиллик муддатга ОПЕК бош котиби этиб тайинланган. 2019 йил июль ойида унинг ваколат муддати узайтирилди, улар 2022 йил июль ойида тугайди.
Баркиндо Ташкилотда 1986 йилдан бошлаб ишлаган. У дастлаб Нигерия делегацияси аъзоси сифатида иш бошлаган.
Муҳаммад Баркиндо NNPC’да 23 йил ишлаган. Хусусан, у компаниянинг Лондондаги ваколатхонасини бошқарган, 2009–2010 йилларда NNPC бошқарувчи директори бўлган.
Ғарб томонидан Россияга қарши санкциялар қўлланилиши фонида Муҳаммад Баркиндо ОПЕК Россиядан кунига 7 млн баррелдан ортиқ экспорт ҳажмини тўлай олмаслигини айтган эди.
Изоҳ (0)