Мис 19 ой ичида энг паст баҳога тушди. Бунга глобал рецессия қўрқуви товарларга талабни пасайтиришда давом этаётгани сабаб бўлган. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Қурилишдан тортиб янги энергия воситаларигача бўлган ҳамма нарсада ишлатиладиган саноат материаллари учун қизиқиш камаймоқда.
Айни пайтда бир тонна мис аллақачон 8 минг доллардан паст баҳоланмоқда. Металлар 2008 йилдаги молиявий инқироздан кейинги энг ёмон чоракликни бошдан кечириб улгурди.
АҚШ саноатининг келажаги қандай бўлишини тахмин қилиш тобора қийинлашиб бормоқда. Биз буни АҚШ иқтисодиёти жадал суръатни йўқотаётганининг белгиси сифатида изоҳлаймиз. Глобал таназзулга оид хавотирлар металл бозорларида янада авж олмоқда, — дейди Commerzbank таҳлилчиси Карстен Фриш.
Bloomberg Economics’нинг сўнгги прогнозларига кўра, АҚШнинг рецессия эҳтимоли ҳозирда 38 фоизни ташкил қилади.
Рецессия — вақтинчалик иқтисодий пасайиш даври бўлиб, бу даврда савдо ва саноат фаолияти қисқаради, одатда икки чоракда ялпи ички маҳсулотнинг пасайиши билан белгиланади.
5 июнь куни Лондон металл биржасида мис нархи 5,1 фоизга тушиб, бир тоннаси 7 597 долларни ташкил қилди, бу 2020 йил декабрь ойи бошидан бери энг паст кўрсаткич.
Бошқа металлар орасида ҳам нархларнинг пасайиши кузатилди — алюминий 2,9 фоиз ва қалай 2,3 фоиз пасайди. Яшил рангни кўрсатган биржадаги ягона металл бўлган никел 0,7 фоизга ошди.
Қимматбаҳо металлар орасида олтин 2,2 фоизга тушди. Кумуш 3,7 фоизга, платина эса 2,5 фоизга пастлади.
Изоҳ (0)