Москва ва Нукус ўртасидаги рейслар вақтинча Урганч аэропортига ўтказмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airways матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 5 июлдан 29 июлгача Нукус—Москва—Нукус йўналишидаги 9626 ва 9625 рейслари Урганч—Москва—Урганч йўналиши бўйича, яъни Нукус шаҳридан эмас, балки Урганч шаҳри халқаро аэропортидан амалга оширилади. Парвозлар вақти ўзгармаган.
Москва—Нукус—Москва йўналиши бўйича HY-9626 ва HY-9625 рейслари Урганч халқаро аэропортидан амалга оширилади.
7 июлдан 28 июлга қадар эса 727 ва 728 Нукус—Ақтау—Нукус йўналишлари бўйича авиақатновлар қуйидаги янги жадвал бўйича амалга оширилади:
- Нукусдан жўнаб кетиш — соат 10:20 дан, Ақтауга етиб бориш — соат 11:50,
- Ақтаудан жўнаб кетиш — соат 12:50, Нукусга етиб бориш — соат 14:15 да.
Аввалроқ 4 июлдан 2 августга қадар Тошкент ва Нукус ўртасидаги авиарейслар вақти ўзгаргани ҳақида хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Нукусдаги оммавий намойишлардан сўнг фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида Қорақалпоғистон ҳудудида 3 июль куни соат 00:01 дан 2 август куни соат 00:00 га қадар бўлган даврда фавқулодда ҳолат жорий этилди.
Фавқулодда ҳолат даврида соат 21:00 дан 7:00 гача комендантлик соати жорий қилинди. Комендантлик соатларида Нукус аэропорт фаолияти чекланди.
Изоҳ (0)