Украина президенти Владимир Зеленский ўз фармони билан Донецк вилоятининг Киев назорати остидаги 14 та аҳоли пунктида ҳарбий маъмуриятлар ташкил қилди, деб ёзади «РБК» давлат раҳбари сайтига таяниб. ДХР бутун вилоятни ўзининг ҳудуди деб ҳисоблайди, Россия ДХРни вилоят чегаралари билан тан олган.
24 февраль куни Россия ҳарбий операцияси бошланганидан кейин Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат режимини эълон қилди. У бир неча марта узайтирилди. Охирги марта май охирида Олий рада уни 90 кунга, 23 августгача узайтирганди. Мамлакатда, шунингдек, сафарбарлик эълон қилинган.
Херсон ва Запорожье вилоятлари Россия назорати остига ўтганидан кейин ҳудудларда ҳарбий маъмуриятлар тузилди. У ерларда ҳарбий комендатура амал қилади, шаҳар маъмуриятлари биноларига Россия байроқлари ўрнатилмоқда, рубль муомалага киритилмоқда, Россия телеканаллари трансляция қилинмоқда, Россияга қўшилиш ҳақида референдум ўтказилиши режалаштирилмоқда.
4 июль куни Херсон ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари Владимир Салдо ҳудуд ҳукумати раиси сифатида аввал Калининград вилояти ҳукуматида ишлаган Сергей Елисеевни тайинлади.
Россия ДХР ва ЛХРни мустақил давлатлар сифатида 21 февраль куни тан олган эди. Айни пайтгача Донбасс республикалари мустақиллигини Россиядан ташқари, Абхазия ҳам тан олган.
Республикаларни тан олганидан кейин бир неча кун ўтиб, Россия Украинани «демилитаризация ва денацификация қилиш» (қуролсизлантириш ва нацизмни йўқ қилиш) бўйича ҳарбий операция бошлади. Зеленский Россиянинг республикалар мақоми бўйича қарорини тан олмади ва махсус операцияга жавобан умумий сафарбарлик эълон қилиб, ҳарбий ҳолат режимини киритди. Шунингдек, Киев Москва билан дипломатик алоқаларни ҳам узди.
29 июнь куни Сурия ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш қарори ҳақида эълон қилди. Сурия томони ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва дипломатик алоқалар ўрнатиш борасида иккала республика билан боғланиши қайд этилди. Шундан кейин Украина Сурия билан алоқаларни узди.
Изоҳ (0)