Бутун дунё бўйлаб болаларда келиб чиқиши номаълум бўлган оғир ўткир гепатитга чалиниш бўйича 920 та эҳтимолий ҳолат аниқланган, деб ёзади «РБК» Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га таяниб.
Май ойидан бери бундай ҳолатлар 270 тага кўпайган. Касалланганларнинг жинси ва ёши маълум бўлган 422 та ҳолатдан аксарияти ўғил болалар ҳиссасига тўғри келади, уларнинг кўпчилиги олти ёшдан кичик.
Барча ҳолатларнинг ярмидан кўпи Европа, хусусан, 267 таси Буюк Британия улушига тўғри келади, касаллик биринчи марта айнан у ерда аниқланган ва касалланганларнинг энг катта сони қайд этилган эди. Умумий ҳолатларнинг учдан бир қисми АҚШда аниқланган.
Номаълум гепатит ҳолатлари қайд этилган мамлакатлар сони майдан буён ўзгармади ва 33 тани ташкил этмоқда. Касалланганлар аниқланган давлатлар орасида нафақат Европа ва Шимолий Америка мамлакатлари, балки Аргентина, Исроил, Япония кабилар ҳам бордир.
ЖССТ маълумотларига кўра, гепатитнинг ушбу турида болаларда ўткир жигар етишмовчилиги ривожланади. Июнь ҳолатига, 45 нафар болага жигар трансплантацияси керак бўлган, 18 та ўлим қайд этилган. Тарқалиш манбаси ва юқиш йўллари ўрганилмоқда, кенг тарқалган гепатит вируслари (А, B, C, D ва E) ушбу касалланиш ҳолатларида аниқланмаган.
Изоҳ (0)