Молдовада суд собиқ президент Игорь Додонга нисбатан чиқарилган уй қамоғи тартибини яна 30 суткага узайтирди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратурасига таяниб, «Интерфакс» хабар қилган.
«Адлияда ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда шундай бўлиши кутилганди», — деган Додоннинг ўзи суд олдидан журналистларга берган интервьюсида.
Мамлакатнинг собиқ президенти адвокатларнинг Кишинув апелляция палатасида суд қарорини ўзгартириш учун протест киритишини айтган.
Шунингдек, Додон билан бирга тергов изоляторида унинг қайнакаси Петр Мериняну ҳам қолади, унинг коррупция жиноятларига алоқадорлиги гумон қилинмоқда. Мериняну тинтув вақтида топилган қоғозчани оғзига солиб, ютиб юборишга уринган. У 24 май куни Додон билан бир кунда ҳибсга олинган.
Додон қамоққа олинганидан кейин, унга нисбатан Жиноят кодексининг «Пассив коррупция», «Жиноий гуруҳлардан сиёсий партия учун молиявий ёрдам олганлик», «Ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш» ва «Давлатга хиёнат» моддалари билан айбловлар эълон қилинган.
Додон ва унинг партияси уларга очилган жиноий иш президент Мария Санду томонидан қилинаётган «сиёсий қасос» ва мухолифатга босим ўтказиш деб ҳисобламоқда. Уй қамоғида қолаётган Додон охирги олти ой ичида деярли сиёсатдан кетган ва ижтимоий тармоқларда амалдаги ҳукуматни кескин танқид қилганди.
Изоҳ (0)