Европа Иттифоқи Қрим ва Севастополга қарши санкцияларни 2023 йилнинг 23 июнигача узайтирди. Бу ҳақда иттифоқнинг 20 июнь куни чиқарган баёнотига таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.
«Бугун ЕИ кенгаши Россиянинг Қрим ва Севастополни ноқонуний аннексия қилиши муносабати билан жорий қилинган санкцияларни 2023 йил 23 июнига қадар узайтиришга қарор қилди», — дейилади ҳужжатда.
Санкциялар орасида Қрим ёки Севастополдан Европа Иттифоқига маҳсулот олиб киришни, Қрим ёки Севастополга инвестициялар киритишни, Қрим ёки Севастополда туризм хизматларини кўрсатишни тақиқлаш киради. Шунингдек, у Қрим компаниялари ёки Қримдаги транспорт, телекоммуникация ва энергетика корхоналари учун айрим турдаги товарлар ва технологияларни экспорт қилишни, шунингдек, минтақадаги нефть, газ ва минерал ресурсларни қидириш ва қазиб олишни тақиқлашни ўз ичига олади.
Қарор Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилганидан кейин кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Европа Иттифоқига Россияга қарши санкцияларнинг еттинчи пакети бўйича таклифлар киритган эди. Киев имкон қадар тезроқ янги чекловлар қабул қилинишини талаб қилмоқда.
Украина президенти офиси маълумотларига кўра, Россияга қарши санкциялар режаси ярмидан камроқ бажарилган.
Изоҳ (0)