Москва шаҳар суди Meta’нинг уни «экстремистик ташкилот» деб эътироф этган ва Россиядаги фаолиятини тақиқлаган қуйи суд қарори устидан берган апеллациясини рад этди.
«Апелляция қаноатлантирилмайди, Москва Тверской судининг 2022 йил 21 мартдаги қарори ўзгаришсиз қолди», — дея судья Александр Пономарев қарорни эълон қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» нашри хабар берди.
Шу тариқа, мамлакатда блокланган Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларига эгалик қилувчи Meta компаниясининг Россиядаги тақиқи қонуний кучга кирди.
Суд мажлисида сўзга чиққан Бош прокуратура вакиллари Meta бир неча бор маъмурий жавобгарликка тортилгани ва тақиқ бўйича даъво аризаси тизимли равишда содир этилган қоидабузарликлар натижаси эканлигини таъкидлади. «Meta раҳбариятининг Россия фуқароларини ўлдиришга чақиришга рухсат бериш ҳақидаги расмий позицияси эълон қилинганди» — деган прокурор.
Meta адвокатлари, ўз навбатида, компания Россия фуқаролик судларининг юрисдиксиясига кирмаганлиги сабабли суд жараёнининг ўзини ноқонуний деб ҳисоблашларини яна бир бор таъкидлади. Meta — хорижий юридик шахс бўлиб, Россияда ваколатхоналари йўқ, дея эслатган улар.
Изоҳ (0)