Кўксарой қароргоҳида 21 июнь куни Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган Озарбайжон президенти Илҳом Алиевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, икки мамлакатнинг давлат байроқлари билан безатилган майдонда Озарбайжон раҳбари шарафига фахрий қоровул саф тортган. Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни кутиб олган.
Давлат раҳбарлари шоҳсупага кўтарилган. Ўзбекистон ва Озарбайжон мадҳиялари янграган.
Мамлакатлар етакчилари фахрий қоровул сафи олдидан ўтган. Маросимда Ўзбекистон ва Озарбайжон расмий делегациялари аъзолари иштирок этган.
Илҳом Алиев ташрифининг биринчи куни
Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 21 июнь куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Озарбайжон президентининг Ўзбекистонга ташрифи Ҳайдар Алиев шарафига номланган кўча ва унинг ёдгорлиги очилишидан бошланди. Шундан сўнг Озарбайжон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.Кўксаройдаги расмий кутиб олиш маросимидан кейин, аввал тор доирада, сўнг кенгайтирилган тартибда музокалар ўтказилди. Давлат раҳбарлари стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Шундан сўнг ОАВ учун брифинг ўтказилди.
Ташрифнинг илк куни Ўзбекистон ва Озарбайжон президентларининг Тошкентдаги Технопаркни бориб кўриши, Фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчат экиши билан давом этди.
Изоҳ (0)