Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига ҳужжатлар қабул қилишга алоқаси бўлган ўзгартиришлар борасидаги муҳокама чўзилган. Бу ҳақда Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов 16 май куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди, деб хабар берди «Дарё» мухбири.
Эслатиб ўтамиз, олий таълим муассасаларига ҳужжатларни қабул қилиш ишлари 15 июндан бошланиши керак эди. Бироқ белгиланган муддатдан бир кун кейин президентнинг тегишли фармойишига асосан 2022/2023-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тасдиқланди.
ОТМларга ҳужжатларни топшириш 20 июндан бошланадиган бўлди.
Абдуқодир Тошқуловнинг айтишича, бу ерда ижро ҳокимияти ва Олий таълим вазирлигининг айб бор.
«Ҳолатнинг сабабини очиқлашга ҳаракат қиламан. Жорий ўқув йилигача қабулга доир ўзгаришлар ҳам, қабул квотаси ҳам битта ҳужжатда бўларди. Нима учун кечикарди? Қабулга алоқаси бўлган ўзгартиришлар борасида тортишув кўп бўларди», — дейди вазир.
Тошқуловнинг таъкидлашича, вазирлик ижтимоий тармоқлардаги минглаб изоҳларни ҳам ўқиган ва яхлитлаган.
«Шунинг учун қарорнинг қабулда ўзгаришларига хос бўлган қисмини муҳокамаси ҳисобига бироз чўзилди. Қабул квотаси эса анча аввал аниқ бўлган эди. Келаси ўқув йилларида муаммо бўлмаслиги учун президентимиз шундай топшириқ бердилар, буларни иккита, яъни қарор ва фармойиш асосида қабул қилишни. Энди қарор чиқиши шарт бўлмайди. Қабулда ҳам янгиликларни қилиб бўлдик деб ўйлайман», — дейди Олий таълим вазири.
Изоҳ (0)