Дания ва Канада Ганс оролига эгалик қилиш бўйича ҳудудий баҳсни ҳал қилиш тўғрисидаги келишувни имзолади. Зиддият 1973 йилдан бери давом этаётган эди. Бу ҳақда Дания ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Кеннеди бўғозидаги Ганс ороли Канаданинг Нунавут ҳудуди ҳамда Дания таркибидаги автоном ҳудуд ҳисобланган Гренландия ўртасида бўлинади», — дейилади ТИВ баёнотида.
Ганс оролини бўлиш тўғрисидаги келишувга Оттавада Дания ва Канада ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Гренландия бош вазири имзо чеккан. Энди Дания ва Канада қуруқлик чегарасига эга бўлади, уларнинг денгиз чегараси ҳам кенгаяди.
Кимсасиз Ганс оролининг майдони 1,3 квадрат километрни ташкил қилади. Мамлакатлар ўртасидаги келишмовчилик 1973 йилда, Дания ва Канада денгиз чегараси бўйича музокаралар олиб бораётган пайтда бошланган. Ўшанда оролнинг мақоми ҳақидаги қарор кейинга қолдирилган. Баҳс давомида Дания ҳарбийлари оролга ташриф буюрганларида у ерда бир шиша Дания аквавитини, канадалик ҳарбийлар эса бир шиша Канада вискисини қолдириб кетган.
Изоҳ (0)