Тошкентда кўприк устидан ўтаётган йўловчиларни пастга ташлаб юбориш билан ҳазиллашган блогерларга чора кўрилди. Бу ҳақда «Ёшлар» телеканалининг «Янги давр» информацион дастурида маълум қилинди.
Бир гуруҳ шахслар пранк қилиш мақсадида кўприк устида фуқароларга қўпол ҳазил қилгани тасвирланган видеолар ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ушбу блогерларнинг шахсига аниқлик киритилган.
Хусусан, Жасур исмли йигит билан олиб борилган суриштирув ишлари давомида Instagram ижтимоий тармоғида асосан пранк йўналишидаги фуқароларни масхара қилиш орқали қўпол ҳазиллар акс эттирилган видеороликларни тайёрлаб келгани аниқланган.
Ушбу видеоларни тайёрлашда бир гуруҳ бўлиб ишлаган йигитлардан яна бирининг саҳифаси ҳам кўздан кечирилганда, жойланган пранкларда жамоат жойларида юриш-туриш қоидалари бузилгани маълум бўлган.
Мазкур видеоларни тайёрлашда иштирок этган беш нафар йигитнинг иши судда кўриб чиқилиб, уларнинг ҳар бирига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)