Туркия Монтрё конвенциясининг Қора денгизга ҳарбий кемалар киритилмаслиги ҳақидаги низомлари туфайли, НАТОнинг бир қатор ҳарбий ўқув машғулотларини бекор қилди ва кечиктирди. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли маълум қилди, деб ёзади «РБК».
«Олдиндан режалаштириб қўйилган НАТО ўқув машқлари бор эди. Биз уларни бекор қилдик, кейинга сурдик. Яъни биз муҳим рол ўйнаяпмиз», — деди у.
1936 йилги Монтрё конвенцияси — Туркиянинг Қора ва Ўрта Ер денгизларидаги Босфор ва Дарданелла бўғозлари устидан суверенитетини тиклаган ҳужжат. Конвенциянинг 19-моддасига мувофиқ, Туркия қатнашмаётган уруш вақтида низо томонларининг ҳарбий кемалари бўғозлар орқали ўта олмайди.
Россиянинг Украинада ҳарбий операцияси бошланганидан кейин бир неча кун ўтиб, Анқара, Монтрё конвенциясига кўра бўғозларни Россия ва Украина ҳарбий кемалари учун ёпиб қўйди. Айни вақтда, икки мамлакат ҳарбий кемалари бўғоздан ўз портларига қайтиб кетиш учун ўтиши мумкин бўлди.
Бўғозларни ёпиш ҳақидаги илтимос билан Киев Туркияга 24 февраль, Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланган куни мурожаат қилган эди. Кейинроқ Украина президенти Владимир Зеленский Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга миннатдорлик билдирди.
Босфор ва Дарданелла Мармар денгизи билан бир қаторда, Қора денгизни Ўрта Ер денгизи билан боғлайди. Бу Қора денгиздан дунё океанига чиқиладиган ягона йўлдир. Бўғозларнинг иккала қирғоғи ҳам Туркия томонидан назорат қилинади.
Изоҳ (0)