Таиланд 1 июндан бошлаб барча мамлакатлардан келган сайёҳлар учун мажбурий карантин талабини бекор қилди. Бу ҳақда мамлакат туризм бошқармасига таяниб, «РБК» хабар берди.
Шу вақтга қадар хорижлик сайёҳлар Таиландга кирганидан сўнг икки ҳафтагача карантин остида бўларди.
Энди вояга етган эмланган сайёҳлар фақат вакцинациянинг тўлиқ курсидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этиши керак, охирги эмлаш саёҳатдан камида 14 кун олдин амалга оширилган бўлиши зарур. Катталар ҳамроҳлигисиз келган 5—17 ёшли болалар камида битта доза билан эмланганлик ҳақидаги сертификатини кўрсатиши керак. Ота-оналари билан саёҳат қиладиган болалар мазкур талабдан озод қилинади. Эмланган саёҳатчилар Таиландга кирган куниданоқ қироллик бўйлаб эркин ҳаракатланиши мумкин. Ҳужжатлар Thailand Pass тизимига юкланиши керак, у эса мамлакатга кириш учун QR кодини яратади.
Аввал коронавирус билан касалланганлар ҳамда касалликдан кейин бир марта эмланган сайёҳлар ҳам касаллик гувоҳномасига эга бўлиши керак (бу ҳолда улар «тўлиқ эмланган» туристлар ҳисобланади).
Маълумот учун Таиланд коронавирусга қарши SinoVac, Astra Zeneca, Pfizer, Moderna, Covilo, Johnson&Johnson, Covaxin, Novavax, Medigen, Turkovac, «Спутник V» вакциналари билан эмланган туристларни қабул қилади.
Шунингдек, 1 июндан бошлаб Таиланд қуруқлик чегараларини, жумладан, Лаос, Малайзия, Мьянма ва Камбоджа билан чегара пунктларини очди. Бундан ташқари, Таиланд ҳукумати COVID-19 учун «яшил ва кўк» зонанинг 43 провинциясида оммавий тадбирларга қўйилган чекловларни бекор қилди. Улар орасида Бангкок ва Пхукет ҳам бор.
Баъзи кўнгилочар жойлар, жумладан, паблар, барлар, караоке хоналари очилади. Бироқ уларга тўлиқ эмланган ва ниқобдаги сайёҳларнинг киришига рухсат берилади.
Таиландда коронавирус билан касалланиш даражаси апрель ойида пасайишни бошлади. Ўтган сутка давомида мамлакатда COVID-19 га чалиниш бўйича 4563 та янги ҳолат аниқланган.
Туркия 1 июнь куни сайёҳлар учун ПЗР-тестини, 30 май куни эса мамлакатда ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилиганди.
Изоҳ (0)