Бу одамлар бошқаларга ўхшамаса ҳам муваффақиятга эришиш ва баъзи камчиликларига қарамасдан бахтли бўлиш мумкинлигини аллақачон ҳаммага исботлаган.
Хавьер Ботет
Испаниялик актёр Морфан синдроми билан туғилган. Унинг бўйи баланд (201 см) ва айни пайтда жуда озғин. Бундай хусусиятлари билан Хавьер кўпинча қўрқинчли фильмларда роль ижро этади, фантастик персонажларни жонлантиришга ҳам тез-тез таклиф қилинади.
Лорен Поттер
«Хор» сериали юлдузи Даун синдроми билан туғилган. У болалигидан актриса бўлишни хоҳлаган. Ниҳоят орзуси амалга ошиб, 18 ёшида олти фасл давом этган «Хор» сериалида қувноқ Бекки Жексон ролини ўйнади. У бошқалар ҳам Даун синдромли одамларни ўзларига тенг кўришларини орзу қилади.
Барбара Стрейзанд
Таниқли актриса, қўшиқчи, продюсер — Барбара Стрейзанднинг эшитиш қобилияти паст эканлигини кўпчилик билмайди. Таниқли кино юлдуз даволаб бўлмайдиган касаллик бўлган тиннитусга чалинган — болалигидан қулоғида шовқин бор. Ёшлигида қулоғидаги шовқиндан қутулиш учун бошига рўмол ўраб юрган. Стрейзанд ёшлигиданоқ эшитиш мосламасида юради, гарчи омма олдида тақмаса ҳам.
Жан-Клод Ван Дамм
Жанг санъати юлдузининг иккала қулоғи ҳам деярли эшитмайди. Кўрсатувлардан бирида актёр эшитиш тестидан ўтади, унда иккала қулоғида ҳам юқори частотали эшитиш қобилияти йўқолгани маълум бўлади. Ван Даммнинг ўзи анчадан бери бир нечта одамнинг бир вақтнинг ўзида суҳбатини фарқ қилолмаслигини айтади, шунинг учун у ким билан бўлса ҳам яккама-якка гаплашишни афзал кўради.
Питер Динклейж
«Тахтлар ўйини» юлдузларидан бири паканаликка олиб келадиган ахондроплазия генининг ташувчиси ҳисобланади. Питернинг ота-онаси ва укаси одатий бўйли одамлардир. Актёрнинг бўйи эса 135 см. Шунинг учун актёрлик мактабини тугатган Динклейж лапрекун ва бошқа мавжудотларни ўйнашга шошилмади, бундай роллар одатда митти актёрларга таклиф қилинади. У юлдузли онларини кутди. Питер «Тахтлар ўйини» сериалида рол ўйнаш таклифини олганида, бир нечта таниқли актёрлик ишлари ва турли мукофотларга сазовор бўлганди. Питер ўрта бўйли актриса Эрика Шмидтга уйланган. Эр-хотиннинг бир қизи ва бир ўғли бор. Отасининг бахтига унинг генлари болаларига ўтмаган.
Уорвик Дэвис
Актёр «Гарри Поттер» мухлисларига яхши таниш, чунки у фильмда профессор Флитвик ролини ўйнаган. Бу ролдан ташқари унинг фильмографиясида ўнлаб асарлар мавжуд. Миттиликдан азият чеккан Дэвис бўйи 120 см дан ошмаган актёрлар учун кастинг бўлаётганини эшитган бувисининг ёрдами билан актёр бўлган. Бувиси сабаб бўйи 107 см бўлган Уорвик Дэвис юлдузга айланади.
Мэтт Фрэйзер
Актёр фокомелия — оёқ-қўлларнинг ривожланмаслиги касаллигига чалинган. Бунга 1950—1960 йилларда деярли барча ҳомиладор аёлларга буюрилган тинчлантирувчи талидомид препарати сабаб бўлган. Бир неча йил ўтгачгина, бу дори ҳомилани малформацияга олиб келиши маълум бўлади. Аммо онаси фарзандини бошқалардан фарқ қилмаслигини уқтирган ва Мэтт ўзига ишонган одам бўлиб улғайган. Қўллари калта бўлишига қарамай, у рок гуруҳида гитара чалади, шунингдек, 2012 йилда Паралимпия ўйинларининг очилиши ва ёпилиши маросимида чиқиш қилган.
Рей Чарльз
Афсонавий америкалик мусиқачи етти ёшида стресс туфайли кўр бўлиб қолган: укаси кўз ўнгида чўкиб кетгандан сўнг Рейнинг кўришида муаммолар пайдо бўлади ва икки йил ичида у кўриш қобилиятини бутунлай йўқотади. Бу унинг машҳур мусиқачи бўлиши, пианино, орган, саксафон, тромбон ва кларнет чалиши ва 17 та «Гремми» мукофотини олишига тўсқинлик қилмади.
Стив Уандер
Афсонавий қўшиқчи ва мусиқачи муддатидан олдин туғилган. Туғуруқхонада боксда ётган чақалоққа хатолик сабаб жуда кўп кислород берилган ва бу унинг кўр бўлишига олиб келган. Уандер бир нечта асбобларни ҳам мукаммал чалишни билади, йигирмадан ортиқ альбоми бор ва 25 та «Гремми» мукофотини олган.
Андреа Бочелли
Дунёга машҳур тенор болалигида кўр бўлиб қолади. Туғилишданоқ унда кўриш билан боғлиқ муаммолар бўлган, аммо фожиали воқеа ҳамма нарсани ҳал қилади. Андреа 12 ёшида ўйин вақтида бошига футбол тўпи урилади, зарбадан у бутунлай кўр бўлиб қолади. Йигитча ёшлигидан шунчаки эмас, балки зўр қўшиқчи бўлишни орзу қилган. У вокални профессионал тарзда ўрганган, аммо 1992 йилда Лучано Паворотти билан танишиши унинг кейинги тақдирини ҳал қилган. Бочеллида ҳақиқий истеъдодни айнан у кўра олган.
Бугунги кунга қадар Андреа Бочелли 15 та альбом ёзган ва Голливуднинг Шон-шараф хиёбонида ўз юлдузига эга. Ҳозир у иккинчи турмуши билан уч нафар фарзандни тарбияламоқда.
Ник Вуйчич
Эҳтимол, Ник нима бўлишидан қатъи назар, қандай қилиб машҳур бўлишингиз мумкинлигининг энг ёрқин мисолидир. Австралиялик нотиқ, филантроп ва ёзувчи тетраамелия синдроми билан туғилган, бу тўртта аъзонинг ҳам йўқлигига олиб келадиган ноёб ирсий касаллик. Айнан шу касаллик уни ёшларга ўзини ўзи қабул қилишнинг муҳимлиги ҳақида маъруза қилишига сабаб бўлган. Ҳозирда Ник Вуйчич бахтли турмуш қурган ва тўртта соғлом фарзанди бор.
Мавзуга доир:
- Образидаги ноодатий аксессуар туфайли ҳаммани ўзига қаратган Голливуд юлдузлари (фото)
- Камерон Диас, Скарлетт Йоханссон ва пластик жарроҳлик орқали ташқи кўринишини ўзгартирган бошқа машҳур аёллар (фото)
- Ота-онасидан эрта айрилиб, етимлик азобини тотган ўзбек шоу-бизнеси вакиллари (видео)
- Рол учун 4 марта семириб, озган ҳамда сунъий соч тақишини яширмайди: Голливуд юлдузлари ҳақидаги фикрингизни ўзгартириб юборадиган маълумотлар
Изоҳ (0)