Шайх Моза Шарқ аёллари ҳақидаги барча стереотипларга қарши тура олди. Marie Claire нашри у қандай қилиб эридан устун бўлганини, мода тимсолига айлангани ва бутун дунё бўйлаб 10 миллион болани сақлаб қолгани ҳақида ҳикоя қилади.
Сўнгги йигирма йилликда Қатар энг либерал араб давлатларидан бирига айланди. Бу ўзгаришлар, айниқса, қатарлик аёлларнинг мавқейига таъсир кўрсатди – энди улар овоз бериш, машина ҳайдаш ва қўшни мусулмон давлатларига қараганда эркинроқ кийиниш ҳуқуқига эга бўлди. Таълим олишга рухсат берилгани туфайли ҳукуматда юқори лавозимларни эгаллаган эркаклар билан рақобатлаша оладилар. Бугунги кунда ҳатто Қатар Вазирлар Маҳкамасида ҳам аёллар бор. Мамлакатнинг бу ажойиб ўзгариши ортида эса нафақат эркак ҳукмдор, балки унинг ажойиб рафиқаси Шайх Моза ҳам турибди.
«У (аёллар учун) эшикларни очди», — дейди яқинда Қатар университетини халқаро сиёсат йўналиши бўйича тамомлаган 22 ёшли Марям ал-Дафа. «Қатар 20 йил олдин бутунлай бошқача эди. Илгари эркаклар ҳам ўқийдиган университетга ҳужжат топширган аёл ҳақида ёмон фикрда бўлишган. Бу норма эмас эди. Энди одамлар қатарлик аёлларни аянчли ожиза эмас, балки етакчи сифатида кўришади. Қатарлик аёллар ўзларини кўрсата олмоқда ва жамият ўзгара бошлади», — дея қўшимча қилади у.
Шайх Моза бутун араб дунёсида модернизация ва тенглик учун курашувчи куч саналади. Шунинг учун 2007 йилда Forbes журнали уни дунёдаги энг нуфузли 100 нафар аёл рўйхатига киритди. У буни қандай амалга ошира олди?
Сургундаги болалик
Моза бинту Носир 1959 йил 8 августда Қатар шимолидаги қирғоқ бўйида жойлашган Ал-Хор шаҳрида туғилган. Унинг отаси муваффақиятли бизнесмен ва сиёсатчи бўлиб, мавжуд тузумга очиқчасига қаршилик кўрсатиб, мамлакатнинг барча аҳолиси ўртасида бойликни адолатли тақсимлашга чақиради. Тез орада бундай мухолиф гаплари учун қамашади. Аммо қамоқ ҳам уни бу йўлдан қайтаролмайди. Аксинча, қамоқда ўтирганида олий маълумотга эга бўлади. 1964 йилда озодликка чиққандан кейин у оиласини Кувайтга кўчиришга қарор қилади.
Қизининг шахсини шакллантиришда айнан ота муҳим рол ўйнади: у Мозага нафақат мусулмон урф-одатларини ҳурмат қилишни, балки ҳар доим ўзининг энг яхши бўлишга интилишни ўргатди; доимо ривожланиб, дунёга кенг нигоҳ билан боқди. «Мен таълимнинг кучига ишонадиган оилада туғилганман, — дейди Моза. – Отам барча фарзандларининг илимли инсон бўлиб улғайишини хоҳларди. У ҳатто инглиз тилини ўрганишимиз учун бизни Буюк Британияга ҳам юборган». Болалигида Моза шифокор бўлишни орзу қилган, аммо кейин у ижтимоий ва сиёсий фанларга қизиқиб қолади.
Бўлажак турмуш ўртоғи билан учрашув
Чет элдаги мактабни тугатгач, Моза олий маълумот олиш учун ватанига қайтишга қарор қилади. Қатардаги талаба қизларга бўлган муносабатни ҳисобга олганда, бу хавфли қарор эди. Аммо отасига муносиб қиз бўлган Моза қийинчиликлардан қўрқмайди. 1977 йилда у Қатар институтининг сиёсатшунослик йўналишига ўқишга кирди. Ва кўп ўтмай, унинг келажакдаги ҳаётини белгилаб берадиган учрашув юз берди.
Ақлли ва чиройли талаба Қатар валиаҳд шаҳзодаси Ҳамад ибн Халифа ал-Тани эътиборини тортди. Бироқ оталари ашаддий душман бўлганини ҳисобга олсак, унинг муҳаббатини қозониш осон эмас эди. Аммо вақт ўтиши билан Моза Ҳамаднинг ҳукмрон шайхдан тубдан фарқ қилишини, янада илғор қарашларга эга эканлигини ва эскирган режимни модернизация қилишни хоҳлашини тушунди. Умумий манфаатлар уларни бирлаштирди. Валиаҳд шаҳзода мухолифатчининг қизига турмуш қуришни таклиф қилганида, у рад эта олмади.
Шаҳзоданинг ҳаммага ўхшамаган рафиқаси
Қатар қироллик оиласининг аъзоси бўлганида, Моза атиги 16 ёшда эди. Кейинги йилларда у сарой одобининг барча нозик жиҳатларини ўрганди, еттита меросхўрни дунёга келтирди, ҳатто Ҳамаднинг яна иккита хотини — кундошлари билан дўстлашди. Афтидан, Моза бутун умрини турмуш ўртоғи соясида ўтказишга ўрганган мусулмон аёллардан бирига айланган эди. Лекин бундай эмаслиги тез орада аён бўлди. Мозанинг етакчилик фазилатлари ва ақли унга доим четда қолишига имкон бермасди. Шунинг учун у саройдаги мавқейини мустаҳкамлаб, соядан ташқарига чиқа бошлади.
Дастлаб Моза ўқишни давом эттирди. У Қатар институтида бакалавр даражасини олди, шундан сўнг Ҳамад ибн Халифа университетида давлат сиёсати бўйича магистрлик мутахассислигини муваффақиятли ўзлаштирди (кейинчалик у Техас университети, Карнеги Меллон университети, Лондон Империал коллежи ва Жоржтаун университетининг фахрий доктори унвонига сазовор бўлди). Ўшанда валиаҳд шаҳзода Мозани бошқа хотинларидан ажралиб туришини пайқади: унинг донолиги, жасорати ва меҳнатсеварлигига қойил қолди. Бундан ташқари, Ҳамад араб оилалари учун жуда ғайриоддий бўлса-да, унинг фикрини тинглашни бошлади. Кўплаб тарихчилар ва журналистлар Моза 1995 йилда Қатарда содир бўлган воқеаларда муҳим рол ўйнаган деб ҳисоблашади.
Янги биринчи хонимнинг дебюти
1990 йилларнинг ўрталарига келиб, Шайх Халифа ибн Ҳамад ал-Сонийнинг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиши сусайди. Унинг ўғли асосий давлат институтларини модернизация қилиш орқали мамлакатни гуллаб-яшнатиш учун вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи бўлди. 1995 йилнинг ёзида шайх Швейцарияга таътилга кетганида, Ҳамад ибн Халифа ал-Тани ўзини Қатар ҳукмдори деб эълон қилди. Бу давлат тарихида янги саҳифа очган «қонсиз тўнтариш» эди. Кейинги йилларда Ҳамад кўплаб иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширди, янги конституцияни тасдиқлади ва табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш масаласини ҳал қилди (Қатарни дунёда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 90 000 доллардан юқори бўлган давлатга айлантирди).
Ҳамаднинг давлат раҳбари сифатида қабул қилган илк қарорларидан бири Қатар Таълим, фан ва ижтимоий тараққиёт жамғармаси (Қатар Foundation)ни ташкил этиш эди. Шайх Моза унинг раиси ва мафкуравий илҳомлантирувчиси бўлди. «Бизда бойлик бор, шунинг учун пулимизни билимга асосланган жамият яратиш учун ишлатмаслик катта аҳмоқлик бўлади», — деди у донолик билан. Унинг сўзларига кўра, эри уни тўлиқ қўллаб-қувватлаган. Шайх Моза табассум билан: «У узоқни кўра биладиган одам, — дейди. — У ҳар доим таълим билан боғлиқ ташаббусларни маъқуллайди». 25 йилдан ортиқ вақт давомида шайхнинг рафиқаси ушбу жамғармага раҳбарлик қилиб, жамоат тадбирларида унинг манфаатларини ҳимоя қилиб келади. Унинг Қатардаги фаолияти туфайли дунёга машҳур университетларнинг филиалларини очиш ва мамлакатнинг барча аҳолиси учун таълим олиш имкониятини таъминлаш мумкин бўлди.
«Қалблар қироличаси»
2003 йилда Шайх Мозанинг хизматлари халқаро майдонда юқори баҳоланди ва у ЮНЕСКОнинг асосий ва олий таълим бўйича махсус элчиси лавозимига таклиф қилинди. Моза мамнуният билан рози бўлди, чунки у нафақат ўз мамлакатига, балки бошқа халқларга ҳам фойда келтирмоқчи эди. Шайх Моза, шунингдек, EAA (Education Above All) жамғармасига асос солган бўлиб, ҳозиргача 10 миллион нафар ночор ёшларнинг оёққа туришига ёрдам берган.
Жамғарма иши доирасида Қатар шайхининг турмуш ўртоғи Учинчи дунёнинг кўплаб мамлакатларига ташриф буюрди. «Яқинда мен Бангладеш, Ғазо сектори ва Кениядаги таълим лойиҳалари билан танишдим, — дейди у. — Доимий равишда тошқинлар содир бўладиган ва аҳолиси жуда ёмон шароитда яшайдиган Бангладешда «сузувчи мактаблар» жорий этилди. Улар болаларни тўплайдиган автобус ва таълим берадиган синфнинг иккиламчи мақсадига хизмат қилади. Бу инновацион ва илҳомлантирувчи ечим. Мен танишган болалар ўрганишдан жуда хурсанд бўлишди. Ахир, уларнинг ота-оналари бундай имкониятга эга эмас эдилар!
Ғазо секторида ўқув материаллари етишмаслиги, доимий ўққа тутилиш, ота-оналар ҳар гал мактабга борганларида фарзандлари ҳақида қайғураётган блокададаги ҳаётнинг мураккаблигини ўз кўзим билан кўрганман. Бу болалар жуда қийин даврни бошдан кечиришмоқда, лекин улар ўқиш учун мавжуд бўлган барча имкониятлардан фойдаланадилар. Кенияда эса қочқинлар лагерига ташриф буюрдим, у ерда 6 ёшдан 20 ёшгача бўлган 168 нафар бола деярли пол ва деворсиз синфда таълим олмоқда».
Бу каби болалар ва уларнинг ота-оналари учун Шайх Моза зулмат оламида ёруғлик нурига айланди. Ахир бу ажойиб аёл уларга ҳатто орзу қилишга журъат этолмаган имкониятларни берди. Шарқнинг «Қалблар маликаси» болакай билан бўлган суҳбатни эслаб, шундай дейди. «У менга ўзининг «сеҳрли» карточкаларини кўрсатди ва агар дунёда бирор нарсани ўзгартира олганида, барча одамларни меҳрибонроқ қилишини айтди», деб эслайди у. «У каби болалар жуда шикастланган. Улар одамларга бўлган ишончни йўқотган. Бу бола ҳеч қачон меҳрибонлик кўрмаган, шунинг учун меҳр унга «сеҳрли» нарсадек туюлади».
Бежирим услуб
Аста-секин Шайх Моза Шарқнинг энг нуфузли жамоат арбобларидан бирига айланди ва кўплаб нуфузли мукофотларга сазовор бўлди (жумладан, Британия империяси қўмондон хоними ордени). У эрига халқаро зиёфатларда ҳамроҳлик қилган, ҳатто бир ўзи чет эл сафарларига ҳам борган (Қатар қироллик оиласидаги аёллар ҳеч қачон бундай қилмаган). Бироқ Шайх Мозанинг айтишича, у ҳеч қачон урф-одатларни бузиш мақсад қилмаган. «Буларнинг барчаси табиий равишда содир бўлди — бу (қабул қилинган меъёрларни) бузиш учун эмас эди, — деб тушунтиради у. — Шунчаки эрим менга, менинг ишимга ва ижобий ўзгаришлар олиб боришимга ишонади. У менда муносиб шерикни кўради».
Моза ҳеч қачон ҳижоб киймайди, бунинг ўрнига замонавий ва нафис рўмолларни афзал кўради. Унинг гардеробида Chanel, Hermès, Ralph Russo, Stephane Rolland, Jan Pol Gaultier ва Valentino каби жаҳон брендларининг либослари бор. Шайх Мозанинг тан олишича, у чиройли оёқ кийимларни жуда яхши кўради, улар орасида Christian Louboutin пойабзаллари унинг севимлисига айланган. Бундан ташқари, у стилистлар хизматидан фойдаланмасдан мустақил равишда ўзининг образларини ярата олади. «Шунчаки, менинг нима исташимни тушунадиган одам йўқ», — деб тушунтиради у жилмайиб.
Эркакларни бўйсундирган аёл
Шайх Моза донишманд аёл сифатида ўз келажаги ҳақида олдиндан қайғурган. У эрининг бошқарувида экан, ўзини хавфсиз деб биларди. Аммо кейинги шайх (Ҳамаднинг биринчи хотинидан тўнғич ўғли) тахтга ўтиргандан кейин унинг тақдири қандай бўлади? Моза кўп йиллик меҳнатининг самарасини хавф остига қўйишига йўл қўя олмади. Шунинг учун у эридан келажакдаги ворис номзодини қайта кўриб чиқишни талаб қилди. Моза ўғли Тамим ибн Ҳамад ибн Халифа ал-Тани валиаҳд шаҳзода қилишга шайхни кўндирди. Шайх эса ҳақиқатан ҳам суюкли хотинини рози қилиш учун шундай ақл бовар қилмайдиган қадам ташлади.
2013 йилда ҳукмдор Ҳамад валиаҳд шаҳзода Тамим фойдасига тахтдан воз кечди ва сиёсий майдонни тарк этди. Шунга қарамай, Шайх Моза ҳамон ўз мамлакати ва халқаро ҳамжамиятга хизмат қилишда давом этмоқда. Ҳеч шубҳа йўқки, ўғли онасининг фикрини бир пайтлар отаси қулоқ солгани каби қўллаб-қувватлайди.
Мавзуга доир:
- Мансаб кексайтирадими? Аёл президент ва қироличаларнинг ёшлигидаги ва ҳозирги кўриниши (фото)
- Оқ уйдан кейинги ҳаёт: президентлик муддатидан сўнг АҚШнинг собиқ биринчи хонимлари нима билан шуғулланади?
- Афсонани хотирлаб: «Темир хоним» — Маргарет Тетчер кийиниш услубида нималарга эътибор берган? (фото)
- Замонамиз Золушкаси: Бир вақтлар Apple компаниясига ишга олинмаган Иордания маликаси Рания ал-Абдулла ҳикояси
Изоҳ (0)