Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида жаҳон белбоғли кураш ассоциациясининг (ЖБKA) навбатдаги таъсис конгресси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги хабар қилмоқда.
Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти ўзбекистонлик Азизбек Ғаниев ҳамда ЖБKA бош котиби Артурас Вилейта иштирок этган конгрессда Пан Америка белбоғли кураш конфедерациясини тузиш таклифи кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Шунингдек, ташкилотга раҳбарият сайланди. Бразилиялик Хосе Жилдемар Клементино де Карвалью президент этиб сайланган бўлса, унинг ҳамюрти Маркос Хосе Хунгаро вице-президент лавозимида ишлайдиган бўлди.
Конгрессдан сўнг ЖБKA етакчилари янги тузилган Пан Америка конфедерацияси аъзолари ҳамроҳлигида «ADSА Аcаdеmiа» жанг санъати академиясида белбоғли кураш бўйича биринчи Пан Америка семинарини ҳам ўтказди. 600 нафар спортчи иштирок этган мазкур семинарда маҳаллий мураббийлар, спортчилар ва ҳакамларга ўзбек қадимий спорт тури белбоғли кураш тўғрисида назарий маълумот берилди. Белбоғли курашнинг турли усулларини қўллаган ҳолда кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Изоҳ (0)