Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони бузилгач, дастлаб тумандаги «Қўрғонтепа» маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларни сув боса бошлаган. Ҳудуд профилактика инспектори, капитан Отабек Бегматов воқеа содир бўлган куни қисқа фурсатда 624 та хонадонда яшовчи 900 дан ортиқ оила ва ундаги салкам тўрт минг аҳолини хавфсиз ҳудудга олиб чиққан. Унинг бу жасорати Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам эътироф этилган. «Дарё» ижодий жамоаси мазкур фожиага икки йил тўлиши арафасида Сирдарёнинг Сардоба туманида бўлиб, капитан Отабек Бегматовни суҳбатга тортди.
Машинам сигнали ва сиреналарини чалиб, маҳалладагиларга хабар беришни бошладим
«2020 йил 1 май куни соат тонгги 04:30-05:00 атрофида Сардоба сув омбори қоровуллари бошлиғи Дилшод ака менга қўнғироқ қилиб, сув омбор тўғонини сув уриб кетганини, аҳолини ҳудуддан имкон қадар тез олиб чиқиш кераклигини айтди. Хабарни эшитгач, ўрнимдан турдим ва машинамни миниб, воқеа жойига бордим. Воқеа жойидаги сув машина баллонларини кўмадиган даражага етганди. Шунда тезда ортимга қайтдим-да, машинам сигнали ва сиреналарини чалиб, маҳалладагиларга хабар беришни бошладим.
Ўша пайтда ҳам Рамазон ойи бўлгани учун кўпчилик саҳарликка уйғонган экан. Бу эса бизга анча ёрдам бўлиб, уларни тезроқ олиб чиқиб кетишимизга замин яратган. Қолаверса, саҳарликка уйғонган ва молини даштга ҳайдашга чиққан одамларни ёрдамга чақириб, уларни мавжуд 12 та кўчага киритиб юбордим ҳамда имкон қадар тезроқ одамларни бохабар қилишни мақсад қилдим. Кўча-кўйда кимни кўрсам, бақириб воқеадан хабардор қилдим», — дейди суҳбатдош.
«Турмуш ўртоғим касб масъулияти сабаб ҳатто бизни ҳам одамларга қўшиб юбориб, ўзи сув босган маҳаллага қайтганди»
Отабек Бегматовнинг турмуш ўртоғи Фотима Эракаева фожиа содир бўлган куни турмуш ўртоғи касб масъулияти сабаб ҳатто уларни ҳам кўчадаги одамларга қўшиб юборган ҳолда манзилга яёв кетишини тайинлаганини, ўзи эса маҳаллага қайтиб, одамларни воқеадан бохабар қилиши лозимлигини билдирганини айтмоқда.
«Тонг азонлаб турмуш ўртоғимга телефон бўлди ва сув омборни сув уриб кетганини айтишди. Кейин бизга одамларни қутқариши кераклигини айтиб, уйдан чиқиб кетди. Бироздан сўнг яна уйга қайтиб, бизнинг ҳам кўчага чиқишимиз кераклигини, кўчага яёв кетаётган одамларга қўшилиб, ‘бетонка’ томонга кетаверишимиз кераклигини айтди ва ўзлари маҳалла ичкарисига кириб кетди. Шундан сўнг мен икки боламни олиб, кўчага чиқдим. Одамларга қўшилиб, яёв юра бошладик. Шунда таниш машина келиб, олиб кетишини айтди. Мен эса фақат икки нафар боламни машинага чиқариб, ёш болаларни олиб кетишларини илтимос қилдим. Манзилга борганимда болаларим йўқ экан. Кейин билсам таниш ҳайдовчи болаларимни қайнотамга берган экан. Мен эса бундан бехабар йиғлаб, анча вақт болаларимни излаганман. Сўнг болаларим қайнотамда эканини билганман», — дейди Фотима Эракаева.
13 ва 11 ёшли қизлар сел сувидан олиб чиқилган
Отабек Бегматов тошқин содир бўлган куни маҳалладан ҳамма чиқиб кетган пайтда 13 ва 11 ёшли қизлар сувда оқиб кетаётганини кўрганини, уларга ёрдам берганини айтмоқда.
«Ўша куни кўпчилик маҳалладан чиқиб кетган пайтда 2009- ва 2011 йилда туғилган Умрзоқова Мадина ва Нигина исмли қизлар сув омбор сувида ёғочлар устида бир аҳволда оқиб кетаётганини кўриб, ўзимни сувга ташладим ва уларни сувдан олиб чиқдим. Ўшанда сув жуда кўтарилганди, адашмасам салкам уйлар бўйи баравар кўтарилганди. Маҳалладан охирги олиб чиққан инсонларим айнан шу қизалоқлар эди», — дейди маҳалла профилактика инспектори.
«Турмуш ўртоғим сувда оқиб кетаётган икки нафар қизни қутқаргани ҳақида айтганда ўша пайтда ўзим ҳам оқиб кетишимга сал қолди, деганди. Тўғриси, бу гапдан кейин жуда ҳам қўрқиб кетгандим. Бу киши ҳам сувда оқиб кетса, нима қилардим деган қўрқинч бўлганди», — дейди Отабек аканинг хотини Фотима Эракаева.
Ўша куни менга маҳаллани яхши билишим катта ёрдам берди
Отабек Бегматовнинг айтишича, ўша куни маҳалладаги аҳолини қисқа фурсатда эсон-омон хавфсиз ҳудудга олиб чиқиб кетишига маҳаллада доимий яшаб, ҳудудни яхши ўргангани катта ёрдам берган.
«Шу маҳалладаги хизмат уйимда яшаб, маҳалланинг ҳар бир бурчагини беш қўлдек ўрганган эканман. Ўша куни менга маҳаллани яхши билишим катта ёрдам берди. Воқеа содир бўлган куни оилам ва икки нафар фарзандим ҳам маҳалла аҳолиси билан бирга яёв юриб, ҳудудни тарк этган. Ўзим эса маҳалладан ҳамма чиқиб кетмагунча шу ерда бўлдим», — дейди ИИБ ходими.
Президентимиз томонидан «Мардлик» ордени билан мукофотландим
Отабек Бегматовнинг тошқин пайтида одамларга ёрдам бергани, ҳар бир хонадонга кириб, уларни воқеадан хабардор қилгани ва кимларнингдир ҳаётини сақлаб қолгани Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва ҳатто Ўзбекистон президенти эътирофига эришишига сабаб бўлган.
«Президентимиз томонидан ‘Мардлик’ ордени билан мукофотландим. Бу эса нафақат менинг, бутун сардобаликлар ва ички ишлар тизимида ишлаётган сафдошларимнинг ютуғи бўлди. Шунингдек, Мудофаа вазирлигининг ‘Намунали хизматлари учун’ кўкрак нишони бўлган эътирофига, Ички ишлар вазирлиги эътиборига эришдим. Бу жудаям ҳаяжонли воқеа бўлди. Буни сўз билан таърифлаш жуда мушкул», — дейди профилактика инспектори.
Суҳбатдош ўтган икки йил давомида шахсий ҳаётида ҳам ўзгаришлар бўлганини, учинчи фарзанди дунёга келганини айтмоқда.
«Шунча қувончимга қувонч бўлиб, оиламизда учинчи фарзандим ҳам дунёга келди. Қолаверса, аввал ҳам ИИБ ходими бўлганимдан нафақат оилам, ота-онам ҳам фахрланар эди. Кейинчалик президентимиз томонидан эътироф этилганим, Ички ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги эътиборига тушганим эндиликда янаям фахрланишларига, менинг эса касбимдан ғурурланишимга замин яратди», — дейди ИИБ ходими.
«Дарё» Сардоба тумани ҳокими Абдуазим Хидиров билан ҳам суҳбатда бўлиб, профилактика инспектори Отабек Бегматов ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
«Аввало шундай инсонларнинг борлигига шукр. Биз шундай жонкуяр, ватанпарвар ёшларимиз борлигидан фахрланамиз. Отабек Бегматов Сардоба фожиасида ҳақиқий маънода қаҳрамонлик кўрсатди. Бу бор ҳақиқат. Шунинг учун ҳам унинг хизматлари давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилди. Шахсан президентимизнинг профилактика инспектори хизматини юқори баҳолаганликлари давлатимизнинг ёшларга ва ҳар бир қилинган жонкуярликка эътибор қаратиб, рағбатлантирилишидан далолат беради», — дейди Сардоба тумани ҳокими Абдуазим ХидировОтабек Бегматовнинг айтишича, у тошқин пайтида оиласи ва ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да, одамларни хабардор қилишга, уларнинг ҳудудни тезроқ тарк этишига эришиши лозим бўлган. Бунинг ягона сабаби эса устидаги формаси ва масъулияти эди.
«Одатда маҳаллаларда бор йўғи бир нафар формали инсон бўлади. У ҳам бўлса, профилактика инспектори. Шундай пайтда сиз одамлар олдида бўлсангиз ва уларнинг жонига оро кирсангиз нур устига нур. Ўша вазиятни бошимдан ўтказган инсон сифатида айтишим мумкинки, тўфон келган пайтда ичкарига сузиб кириб, қизларни қутқаришимга, бошқа маҳалладошларимни ҳам сувдан олиб чиқишимга Яратган куч берди. Қувват берди. Аллоҳга шукрки, маҳаллада битта инсон эдим ва шунга лойиқ иш қилишга улгурдим. Ва бу менинг халқимиз олдида, раҳбарларимиз олдида юзим ёруғ бўлишига сабаб бўлди. Бунинг учун албатта шукр айтаман», — дейди Отабек Бегматов.
Сафдошларим сен қаҳрамонсан, сен билан бирга ишлаётганимиздан фахрланамиз, дейишади
«Ўша куни маҳаллада тўрт минг нафар аҳолини эвакуация қилган бўлсак, шунинг ҳеч бўлмаганда икки мингга яқини ёнимга келиб, сувда отам қолиб кетди, онам қолиб кетди, оилам, синглим қолиб кетди, дея мурожаат қилган. Шундай пайтда имкон қадар ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмай, сувдан олиб чиқишга уриндим. Кўп ўтмай менга қўшимча ёрдам келиб, кўмакчи бўлишди. Яратганга шукрки, ўша воқеаларда юзимиз ёруғ бўлди. Мен жудаям бахтли инсонман. Боиси менга берилган эътибор ва эътироф ҳамма профилактика инспекторларига ҳам насиб этавермайди. Сафдошларим сен қаҳрамонсан, сен билан бирга ишлаётганимиздан фахрланамиз, деб кўп айтишади. Бу эса менга кайфият бериб, ишимга бўлган меҳримни орттиради. Масъулиятимни оширади», — дейди у.
Операторлар: Маъмуржон Обраҳматов, Дилруҳ Исомиддинова
Мавзуга доир:
- «Ўртоқ капитан, қўлимни қўйиб юборманг». Сардоба тошқинида ҳалок бўлган, бедарак кетган ва омон қолган уч гвардиячи тарихи
- «Сардобаданлигимизни айтсак, таксичилар пул олмасди». Тошқиндан омон қолган Қуръон ва Зироат Мирзиёеванинг рўмоли ҳақида Ўсаровлар ҳикояси
- «Синфдош қизларнинг бари Шукрона бўлмаса эди ҳали». Тақдирига Сардоба сув тошқини таъсир кўрсатган чақалоқлар
Изоҳ (0)