Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

«Андижон полкаси» рақсини ЮНЕСКО номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш ташаббуси жуда тўғри ташаббус. Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров «Дарё» мухбири билан суҳбатда айтди.

Толибжон Мадумаров

Толибжон Мадумаров
Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Унинг айтишича, 2022 йил «Андижон полкаси» рақси яратилганига 100 йил бўлди.

Бу рақс шу даражада завқлики, Хоразмнинг лазгисидан ҳам ўтиб кетади. Инсон танасининг барча жойи қимирлаб ўйналади бу рақсда. Ҳамманинг ўз бренди, орзуси бўлади. Андижонда тўй бўлса, албатта, ёр-ёрдан олдин «Андижон полкаси» айтилади. Мен ўзим андижонликман. Бу рақсни ёқтириб, бирор тадбир бўлса ўйнайман. «Андижон полкаси»га ҳамма ўйнаши мумкин. Бу жуда тўғри ташкил этилган нарса, — дейди у.
Аввалроқ Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов барча андижонликларга топшириқ бериб, ўзини ҳақиқий андижонликман деб билганлар жамоаси, ҳамкасблари билан ҳар куни «Андижон полкаси»га рақсга тушишни одат тусига айлантириши кераклигини буюргани ҳақида хабар берилган эди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Азизхон Махсумов имзолаган хабарномада айтилишича, 25 апрелдан бошлаб вилоятда «Андижон полкаси» ойлиги эълон қилинган.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда ушбу рақсга ўйнаётган фуқароларнинг видеолавҳалари тарқалди. Жумладан, Қўрғонтепа туманидаги тиббиёт техникуми, педагогика коллежи талабалари, тумандаги 1-сон касб-ҳунар мактабининг ўқувчилари «Андижон полкаси» садолари остида рақсга тушишган.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлашини айтган эди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар