«Органик маҳсулотлар тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар қилди.
Қайд этилишича, мазкур қонун органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш, тамғалаш ва реализация қилиш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш ва авторизациялаштиришни тартибга солади.
Органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтказилган қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда сертификатлаштирилган органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун субсидиялар ажратилади. Ишлаб чиқаришда соғлом ҳайвонлар ва ўсимликлардан, хавфсиз маҳсулотлардан ҳамда келиб чиқиши ҳайвонлар ва ўсимликларга мансуб бўлган хом ашёдан фойдаланилади.
Органик маҳсулотларни тамғалашда organic (органик), biologic (биологик), ecologic (экологик), natural (табиий) деган сўзлардан фойдаланилиши мумкин бўлади. Органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар реестри юритилади ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач кучга киради.
Изоҳ (0)