Туркманистон собиқ президенти, Халқ Маслаҳати Миллий кенгаши раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши аъзосига айланди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
2019 йилнинг сентябрида Туркманистон мустақиллигининг 28 йиллиги, шунингдек, фуқароларнинг талабига кўра, Гурбангули Бердимуҳамедов Фахрий халқ оқсоқоли унвонини олганди.
Туркий давлатлар ташкилоти котибиятининг ҳисоблашича, собиқ президент ўзининг донолиги, тажрибаси ва билими билан Оқсоқоллар кенгаши потенциалини янада бойитади ва ташкилот нуфузини оширади.
«Бердимуҳамедовнинг Туркий давлатлар ташкилотининг маслаҳат органи бўлган Оқсоқоллар кенгашидаги иштироки Туркманистоннинг туркий дунёда сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга қўшаётган ҳиссасига янги суръат бағишлайди», — дейилади хабарда.
Туркманистон давлат ахборот агентлиги бу ҳақда ҳозирча хабар бермаган. 1 апрелдан буён собиқ президент номаълум муддатга таътилга чиққан.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ноябрида Туркманистон Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи мақомида қабул қилинганди.
Изоҳ (0)