Бухоро шаҳрида ўзганинг юклагич машинасини олиб қочган шахс аниқланди, деб хабар бермоқда Тергов департаменти.
Қайд этилишича, 5 апрель куни соат 14:44 да вилоят ИИБнинг 102 рақамига таржимон бўлиб ишловчи Н.А. (50 ёшли) мурожаат қилган. У 4 апрель куни Шейхон кўчасидан ўтувчи Хоразм—Бухоро йўлининг бўйида қаровсиз қолдирилган, Жанубий Корея Республикаси фуқароси, Sun Chang Trade МЧЖ раҳбари К.М.га (62 ёшли) тегишли ХГMА олд ғилдиракли юклагич машинасини номаълум шахс ҳайдаб олиб кетганлигини маълум қилган. Фуқаро ушбу номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни ва юк кўтарувчи автомашинасини топишда амалий ёрдам беришни сўраган.
Олиб борилган тергов тезкор ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Бухоро шаҳрида яшовчи Б.И. (49 ёшли) содир этгани аниқланиб, ушланган.
Қонунбузардан у томонидан олиб қочилган юклагич машинаси қаерда экани ва нима сабабдан ушбу жиноятга қўл ургани ҳақида сўралганда у ушбу автомашинани Когон шаҳар Хоразм кўчасида жойлашган поччасининг ҳовлисига ҳайдаб бориб қўйганини билдирган. Эркак кейинчалик машинани сотиб юбормоқчи бўлган. Мазкур машина ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Жиноят кодексининг нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Изоҳ (0)