Ижтимоий тармоқларда Mercedes-Benz E 200 автомобили ҳайдовчиси йўлнинг қатнов қисмида хавфли ҳолатни юзага келтирган ҳолда дрифт қилгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат бўйича маълумот берди.
Аниқланишича, қоидабузарлик 26 март куни Олмазор тумани, Талабалар кўчасида машинани ишончнома асосида бошқарган 24 ёшли Х.М. томонидан содир этилган.
Ҳолат юзасидан фуқаро Х.М.га нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-5-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) 2-қисмига мувофиқ бундай қоидабузарлик БҲМнинг 10 баравари (2,7 миллион сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, пойтахтда 2022 йилнинг январида ҳам шундай ҳолат юз берганди. Чилонзорда Mercedes-Benz E 200 автомобили ҳайдовчиси йўлнинг қатнов қисмида хавфли ҳолатни юзага келтирган ҳолда дрифт қилганди.
Изоҳ (0)