Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, 2022 йилнинг февраль—март ойлари давомида ўтказилган ташаббусли бюджет жараёнларида етарли овоз тўплаган, аммо ғолиб бўлолмаган лойиҳалар учун қўшимча маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Қайд этилишича, фуқароларнинг фаол иштирокини инобатга олган ҳолда ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 139 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча равишда республика бюджетидан 85,4 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида «Ташаббусли бюджет» портали орқали аҳолидан тушган 20 мингта ёки жами таклифларнинг 25 фоизи ҳам ички йўлларни яхшилаш билан боғлиқлигини айтиб, масъулларга йўллар сифатини яхшилаш топшириғини берганди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 9 июль куни Ўзбекистон Молия вазирлиги янгиланган «Очиқ бюджет» порталини ишга туширган, у ерда давлат бюджети, давлат қарзи ҳақида маълумот эълон қилинади ва «Ташаббусли бюджет» бўлими яратилган. «Ташаббусли бюджет» доирасида туман ва шаҳарларда фуқароларнинг ташаббусларини молиялаштиришга 117 миллиард сўм ажратилган.
Изоҳ (0)