Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«ОКМК» клуби ярим ҳимоячиси Санжар Турсунов Оффсиде кўрсатувида бўлиб ўтган суҳбатда ўзбекистонлик футболчиларнинг машғулотдан кейин тикланиш жараёнига яхши эътибор қаратилмаслиги ҳақида гапирди.

Фото: «ОКМК» ФК

Фото: «ОКМК» ФК

Турсуновнинг айтишича, ўзбекистонлик футболчиларга ҳам оғир юкламали машқларни бериш мумкин, бироқ бу машғулотлар тикланиш жараёнисиз бефойда бўлиб қолади.

«Бизда ҳам бошқа лигаларда бўлгани каби машғулотларда юкламаларни кўпроқ берса бўлади, бироқ машғулотдан кейин тикланиш жараёни бор. Бу тизим Ўзбекистонда йўқ. Машғулотдан кейин истеъмол қилинадиган витаминлар, кийиладиган махсус кийимлар ва бошқа воситалар бор, бироқ бизда бундай нарсалар йўқ, нол.

Бизникиларга ҳам ‘Атлетико Мадрид’ клуби фойдаланадиган оғир машғулотларни берса бўлади. Билсангиз, улар машғулотда ҳушидан кетиб қолиш даражасида чарчайди, бироқ ундан кейин тикланиш жараёнини ўтаб, кейинги ўйинга тайёр ҳолатда бўлади. Бизда-чи? Машғулотдан кейинги юклама билан кейинги машғулотга борамиз. Юклама, яна юклама, охирида жароҳат. Биринчи навбатда бизга шароит қилиб қўйишлари керак, кейин натижани талаб қилиш лозим», — дейди Турсунов.

Футболчи ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон олий дивизиони клублари ва Жанубий Кореянинг 3-4 дивизион жамоаларини ўзаро солиштирди.

«Жанубий Кореянинг иккинчи дивизионида тўп сурганман. Майли, иккинчи дивизионини қўя турайлик, учинчи дивизион, уни ҳам айтмай, ундан ҳам қуйи лигада тўп сурадиган олийгоҳ клублари бор. Ўша жамоалардаги ташкилотчилик бизнинг Суперлига клубларидагидан яхшироқ.

Мен ҳаракат қилган жамоада тикланиш жараёнини ўташ учун бир хона бўларди, унинг ичида жараёнда ёрдам берадиган барча нарса бор эди. Бунақаси биздаги бирорта Суперлига клуби тугул, миллий терма жамоада ҳам йўқ», — дейди ўзбекистонлик футболчи.

Санжар Турсунов 2018—2019 йиллар давомида Жанубий Кореянинг «Тежон Ситизен» клубида тўп сурган. 35 ёшли футболчи, шунингдек, Ўзбекистоннинг «Пахтакор», «Локомотив», «Бунёдкор», Россиянинг «Волга», «Алания», «Газовик», Украинанинг «Ворскла», Қатарнинг «Ум-Салал», «Ал-Ҳаритият» ва бошқа қатор клубларда ҳаракат қилган. Шунингдек, Турсунов 2010—2018 йиллар давомида Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳаракат қилган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маҳаллий
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид тақдимот билан танишди (фото)
Маданият
Томошабинлар меҳрига сазовор бўлган энг гўзал турк актрисалари (фото)
Маҳаллий
Марказий банк хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини эълон қилди