Гидрометеорология хизмати маркази томонидан берилган маълумотга кўра, Қамчиқ довонида қор кўчкиси хавфи эълон қилинди, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.
Шу сабабли 12 март куни соат 09:00 дан А-373 халқаро автомобиль йўлининг Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилган.
«Айни дақиқаларда ФВВ раҳбарлигида тегишли ташкилотларнинг мутахассислари томонидан вазият оқибатларини бартараф этиш борасида кенг кўламли профилактик ишлар амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.
Қамчиқ довонини қайта очилиши бўйича ФВВ қўшимча маълумот тақдим этишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳудудига 10—16 март кунлари Эрондан илиқ ва нам ҳаво, сўнгра Кавказ ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда. 11—16 мартда республика ҳудудининг катта қисмида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шунингдек, 11—13 март кунлари А-373 Тошкент—Ўш автойўлининг Қамчиқ довони ҳудудида вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 20—23 м/с гача кучайиши, автойўлда қор уюмлари юзага келиши мумкин.«Ўзгидромет» 11—15 март кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел хавфидан огоҳлантирди. Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел хавфи март ойи бошидан буён сақланиб қолмоқда. «Ўзгидромет» беқарор об-ҳаво иш ҳафтасининг охиригача сақланиб туришини прогноз қилган.
Изоҳ (0)