Жаҳон банки Украинадаги уруш туфайли Россия ва Беларусдаги барча дастурларини тўхтатганини эълон қилди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг баёнотидан маълум бўлди.
Баёнотда таъкидланишича, банк 2014 йилдан бери Россия учун ҳеч қандай кредит ва инвестицияларни тасдиқламади.
Жаҳон банки гуруҳи 2014 йилдан бери Россияга янги кредитлар ёки сармоя киритмади. Шунингдек, 2020 йил ўрталаридан бери Беларусь учун янги кредитлар ҳам тўхтатилди. Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Украина халқига қарши уруш ҳаракатлари бошланиши билан, Жаҳон банки гуруҳи Россия ва Беларусдаги барча дастурларини зудлик билан тўхтатди, — дейилади баёнотда.Аввалроқ Apple Украинадаги урушдан кейин Россияда маҳсулот сотишни тўхтатгани ҳақида хабар берилган эди.
Швециянинг H&M Group кийим-кечак тармоғи ҳам Украинадаги уруш туфайли Россиядаги барча савдоларни тўхтатишга қарор қилди.
2 март куни Европа Иттифоқи Россиянинг Украинада махсус ҳарбий операцияларини бошлагани туфайли жорий қилинган санкциялар доирасида 12 мартдан бошлаб мамлакатнинг еттита банки SWIFT банклараро тўловлар тизимидан узиб қўйилишини эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди.