Шавкат Мирзиёев 3 май куни Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлисида 4 та йўналишда ишчи гуруҳларни ташкил этишни таклиф этди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилишда давлат раҳбари инвесторларга Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида беқарорлик тобора кучайиб, энергетика, озиқ-овқат соҳалари ва экологик тизимда инқирозлар ўткир тус олаётганига эътибор қаратди. Бундай мураккаб шароитда бамаслаҳат, ўзаро кенгашиб, аниқ амалий қадамлар ташланса, кўзланган юксак марраларга, албатта, эришилишини таъкидлади.
Ҳукумат ҳамда инвесторлар ўртасида очиқ ва самарали мулоқотнинг йўлга қўйилгани барқарор иқтисодий тараққиётнинг асосий калитидир. Шу сабабли бугунги замон билан ҳамнафас қадам ташлаб, ўз олдимизга аниқ режаларни қўйишга ва саъй-ҳаракатларимизни янада уйғунлаштиришга чақираман, — деди президент.
Давлат раҳбари кенгаш доирасида тўртта йўналишда ишчи гуруҳларни ташкил этиш ва уларни тўлиқ амалга оширишда фаол иштирок этишга таклиф этди.
Биринчидан, капитал бозорини ривожлантириш. Бу йўналишда хорижий инвесторларнинг талабларига тўла жавоб берадиган халқаро молия марказини ривожлантириш учун ички ва ташқи капитални кенг жалб этишга асосий эътиборни қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Иккинчидан, масъулиятли бизнес юритиш. Бу борада иқтисодиёт барқарорлиги, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг тегишли тамойилларини кенг жорий этиш долзарб вазифадир.
Учинчидан, муқобил инвестицияларни рағбатлантириш. Бунда стартап, инновацион лойиҳалар, биргаликдаги сармояларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Венчур инвестициялар тўғрисида”ги янги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш катта аҳамиятга эга.
Тўртинчидан, инвесторлар билан ишлаш тизимини рақамлаштириш. Хорижий инвесторлар билан давлат органлари ўртасидаги барча хизматларни амалга ошириш учун мукаммал электрон платформани ишлаб чиқиш ва амалиётга кенг жорий этиш вақти келгани таъкидланди. Бу инвесторларни қийнаётган комплекс муаммоларни ўз вақтида ва тизимли ҳал этишга имкон беради.
Изоҳ (0)