Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси кўпчилик овоз билан Россиядан қўшинларини Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетишни талаб қилувчи резолюция лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда БМТ Twitter саҳифасида хабар берилди.
Лойиҳани ёқлаб 141 давлат овоз берган, беш давлат – Россия, Беларусь, Сурия, Шимолий Корея ва Эритрея қарши чиққан, яна 35 давлат, жумладан, Қозоғистон, Покистон, Эрон ва Хитой кабилар бетараф қолган. Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркманистон ва яна бир неча давлатлар овоз беришда иштирок этмаган.
Резолюция лойиҳасида Россиядан Украинага қарши куч ишлатишни тўхтатиш, шунингдек, халқаро тан олинган чегаралар доирасида мамлакат ҳудудидан барча қуролли кучларини зудлик билан, тўлиқ ва сўзсиз олиб чиқиб кетиш талаб этилади.
Резолюция муаллифлари Москвадан Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олишдан бош тортишни талаб қилган ва барча томонларни Минск келишувларига риоя қилишга чақирган.
БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияларида давлатга нисбатан мажбурлов чоралари белгиланиши мумкин эмас, деб ёзади «РИА Новости». Бундай чораларни ташкилотнинг Хавфсизлик Кенгаши белгилаши мумкин.
25 февраль куни БМТ Хавфсизлик кенгашида Россия АҚШ ва Албаниянинг Россия томонини Украинадаги махсус операцияни зудлик билан тўхтатишга чақирувчи резолюциясига вето қўйганди.
Россия—Украина урушига оид тезкор, ишончли янгиликлар ва маълумотларни «Дарё»нинг Live саҳифаси орқали кузатиб боринг → @Daryo_Live