Тошкент шаҳрида Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган тезкор тадбир натижасида заргарлик дўконидан ўғирланган 49 миллион сўмлик тилла буюмлари ўз эгасига қайтарилди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга Олмазор туманида яшовчи фуқаро М.С. томонидан мурожаат келиб тушган. Унга кўра фуқаро, ўзи сотувчи бўлиб ишлайдиган, “Эски Жува” бозорида жойлашган заргарлик дўконига 28 апрель куни номаълум аёл ўсмир бола билан келгани ва заргарлик буюмларини узоқ вақт кўриб, 49 миллион сўмлик тилла буюмларни танлагани ҳамда сотиб олиш истагини билдириб қўлига олган ҳолда ўғлига бергани, ўғли эса дарҳол номаълум томонга қочиб кетгани ҳақида маълум қилган.
Дастлабки суриштирувлар натижасида ушбу аёл Қўқон шаҳрида яшовчи 49 ёшли Х.Г. экани, ёнидаги ўсмир эса унинг 12 ёшли ўғли И.А. экани аниқланган.
Олиб борилган ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар натижасида Миллий гвардия ходимлари томонидан воқеа жойидан қочиб кетган вояга етмаган бола қўлга олиниб, қимматбаҳо буюмлар ўрнатилган тартибда ўз эгасига қайтарилган.
Ҳозирда ички ишлар органлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
2022 йилда Фарғонада хонадондан тилла тақинчоқлар ва 600 долларни ўғирлаган вояга етмаган шахс ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)