Беларусь кейинчалик ҳам Украинадаги махсус операцияларда иштирок этишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда мамлакат президенти Александр Лукашенко Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан ўтказилган йиғилишда маълум қилди, деб хабар беради «БелТА».
Лукашенконинг таъкидлашича, ҳозирда операция бешта йўналиш орқали амалга оширилмоқда: Қрим, Донецк, Луганскдан Киев томон, Чернигов, Харьковдан. «Шу билан бирга Беларусь армияси ҳеч бир жанговар ҳаракатларда иштирок этмаган ва иштирок этмайди ҳам. Биз буни исталган вақтда исботлаб бера оламиз», — дейди у.
«Бундан ташқари, Россия раҳбарияти бизнинг олдимизга қуролли можарода иштирок этиш масаласини қўймаган. Биз бундан кейин ҳам Украинадаги ушбу махсус операцияда иштирок этмоқчи эмасмиз. Бундай зарурат йўқ. Биз ўз кучларимиз билан Брестдан Мозиргача бўлган давлат чегарасини радикаллар, қуролларнинг мамлакатга киришининг олдини олиш мақсадида ҳимоя қиляпмиз», — дея таъкидлаган Лукашенко.
Беларусь етакчисининг сўзларига кўра, Россия қўшинларига орқадан ҳужум қилинмаслиги учун мамлакатда ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари шай ҳолатга келтирилган.
Украина ва Россия делегациясининг махсус операциялар бошланганидан кейинги биринчи учрашуви 28 февраль куни Беларуснинг Гомел вилоятида бўлиб ўтди. Украина президенти Владимир Зеленскийнинг таъкидлашича, Россия билан музокаралар давомида Украина хоҳлаган натижага эришиш имкони бўлмаган.
Россия—Украина урушига оид тезкор, ишончли янгиликлар ва маълумотларни «Дарё»нинг Live саҳифаси орқали кузатиб боринг → @Daryo_Live
Изоҳ (0)