Президент Шавкат Мирзиёев 18 февраль куни Тошкентнинг Сергели ва Янгиҳаёт туманларида бўлди. Давлат раҳбари кун давомида қандолат корхонасини бориб кўрди, маҳалла фаоллари билан гаплашди, янги қурилаётган савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасига ташриф буюрди, Сергели ва Янгиҳаёт тумани фаоллари билан йиғилиш ўтказди. Ташрифни бевосита жойидан ёритиб борган «Дарё» мухбирлари ўз таассуротлари ва репортажини ҳавола қилади.
Дастлабки манзил – қандолат корхонаси. Президент печенье қадоғини кўздан кечириб, уни очиб кўрди
Шавкат Мирзиёев дастлаб Янгиҳаёт туманидаги «Альмерро групп» МЧЖнинг қандолат корхонасига ташриф буюрди.Давлат раҳбари корхонага кирар экан Президент фаолиятини бевосита ёритувчи ОАВ гуруҳи таркибидаги журналистлар турган томонга қараб самимий табассум билан саломлашди. Бу жараён журналистларга анчагина завқ улашди.
Корхона ҳақидаги маълумотларга кўра, унинг умумий қиймати 70 миллиард сўмни ташкил қилади. Ўтган йили ноябрда биринчи босқичи ишга туширилган ушбу корхона икки босқичдан иборат. Янги бино қурилиб, Туркиядан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган. Бугунги кунда корхона йилига икки минг тоннага яқин қандолат маҳсулотлари тайёрлаш қувватига эга. Бу ерда шоколад, конфет, печенье, вафли каби 95 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Ташриф давомида президент ҳеч бир детални эътибордан четда қолдирмади, бир печеньенинг қадоғини кўздан кечириб, уни очиб кўрди.
«Сифати яхши, чет элники билан бемалол рақобатлаша олади. Фақат нархни тушириш бўйича яна имконият бор. Масалан, импорт қилинаётган қўшимчаларни хом ашё шаклида олиб, шу ернинг ўзида тайёрлаш йўлга қўйилса, таннархни 10-15 фоиз арзонлаштириш мумкин. Шунда маҳсулотлар яхши сотилиб, қўшимча иш ўринлари очиш имконияти пайдо бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Корхонанинг экспорт бўйича менежери Дониёр Узаков «Дарё» мухбири билан суҳбатда корхона 2009 йили ташкил топганини таъкидлади.
«Мазкур корхона эса 2021 йилнинг ноябрь ойида ишга туширилган. Ҳозирги кунда «А» блокда замон талабларига жавоб берадиган линиялар ишлаяпти. Яна иккита блокни ишга тушириш арафасидамиз. Бизда 50 дан ошиқ маҳсулотларимиз бор. Биз бу маҳсулотларни ички бозорга сотиш билан биргаликда, ташқи бозорга ҳам экспорт қиламиз.
Ҳозирги кунда 13 та давлатга маҳсулотларимизни экспорт қиламиз. Булар Монголия, Россия, БАА, Миср ва бошқа мамлакатлар. Маҳсулотимизнинг сифатини назорат қилиш учун лабораториялар ташкил қилинган. Технологлар маҳсулотнинг сифат назоратини текшириб боради. Бугунги кунда бизнинг корхонамизда 125 кишидан ортиқ ходимлар фаолият олиб боради. Келажакда бизнинг «Б» ҳамда «C» блок ишга тушади ва улар қўшимча ишчи кучини оширишга имконият беради», — дейди у.
«Тошкентда ер танқис, келгусида бундай майдонлар топилмайди» — президент Янгиҳаётдаги технопарк майдонини бориб кўрди
Ташрифнинг навбатдаги манзили янги технопарк майдонида бўлди. Мажмуа учун 210 гектар майдон ажратилган. Шундан 150 гектари икки босқичда аукцион савдоларига чиқарилади. Тадбиркорлар сотиб олинган ернинг мулкдори бўлади ва корхоналарни ўзлари қуради.«Тошкентда ер танқис, келгусида бундай майдонлар топилмайди. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш керак. Шунинг учун корхоналар кўп қаватли қилиб қурилгани маъқул», — дейди президент.
Шунингдек, давлат раҳбари ушбу лойиҳани тезлаштириш масаласи бўйича фикрларини билдирди. Тақдимот давомида мазкур лойиҳа 2024—2025 йилларгача қурилиши айтилди, аммо давлат раҳбари тезроқ ишга тушириш зарурлигини айтди.
Бу ерда жойлаштириладиган корхоналарда 20 минг иш ўрни яратилиши мўлжалланган. Технопарк ишлаб чиқаришни кенгайтириш, саноат тармоқларига замонавий технологияларни жорий этиш, шу асосда аҳолини иш билан таъминлашга хизмат қилади.
«Яқинроққа келинглар, сизлар ҳам эшитинглар». Президент «Дўстлик» маҳалласида бўлди, узоқроқда турган журналистларни яқинроққа чорлади
Ташрифнинг учинчи манзили Янгиҳаёт туманидаги «Дўстлик» маҳалласи бўлди. Давлат раҳбари мазкур ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспектори билан суҳбатлашди.«Мен нима учун Янгиҳаёт туманига кўп ташриф буюряпман? Аввало, шу ерни обод қилиб олишимиз керак. Авваллари шаҳар марказидан Сергелига такси келиши қийин эди. Энди бу ерларни ривожлантиришимиз керак», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев ёшлар етакчиси билан суҳбатда ундан қанча фуқаронинг ишсизлиги ва амалга оширган ишлари ҳақида сўради. Унинг берган жавобига кўра, «Дўстлик» маҳалласининг ҳарбий хизматга боришни ният қилган ёшлари март ойида бир ҳафта давомида полигонга боришни режалаштирган.
Шунингдек, маҳаллада 40 нафар ёшлар IT-соҳасига қизиқиш билдираётгани айтилди. Шавкат Мирзиёев уюшмаган ёшларни спортга ва касбларга қизиқтириш бўйича топшириқларини берди.
Суҳбат давомида Шавкат Мирзиёев узоқроқда турган журналистларни яқинроққа чорлади. «Яқинроққа келинглар, сизлар ҳам эшитинглар. Сизларни кўрмаганимга ҳам анча бўлди», — деди президент журналистларга.
Давлат раҳбари маҳаллани кўздан кечириш вақтида кўп қаватли уйнинг деворига чизилган «Дўстлик рамзи» муралига эътибор қаратди.
«Нега ҳаммаёққа шундай қилмайсизлар? Бу мурал ҳам одамнинг кайфиятига ижобий таъсир қилади», — деди президент масъулларга.
Шавкат Мирзиёев масъуллардан бу каби мураллар қачондан бошланганини сўради. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бу турдаги деворий мураллар 2021 йилнинг баҳоридан чизила бошланганини таъкидлади.
«Бир рассом чизиб беришини айтди ва бу мурални чизди», — дейди ҳоким.
Давлат раҳбари маҳаллада жойлашган озиқ-овқат дўконига кирди, маҳаллани айлана туриб, масъулларга «барча маҳаллаларда ҳаммомлар бўлиши кераклигини» айтди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биносида маҳалла фаоллари, нуронийлар билан мулоқот бўлди.
Президент «бокс парк» лойиҳаси ҳамда пойтахтда ҳаракатланаётган электробусни кўздан кечирди
Шавкат Мирзиёев Тошкент айланма йўли бўйидаги «бокс стрит» лойиҳаси билан ҳам танишди. Йўл бўйида ташкил этиладиган мажмуада кеча-ю кундуз ишлайдиган савдо, овқатланиш ва маиший хизмат шохобчалари бўлади.Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 21 миллиард сўм. Бу ерни қуришда арзон ва тез қуриш учун юк контейнерларидан фойдаланилмоқда. Бунинг учун етти гектар ер ажратилиши режалаштирилган. 24 соат ишлайдиган «бокс парк»даги объектлар тадбиркорларга электрон-онлайн аукцион орқали сотилади.
«Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот» кўрсатувида таъкидланишича, бу ерда 800 га яқин иш ўрни яратилади. Президент шу ҳудудда яшовчи аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берди. Маълумотларга кўра, ушбу «бокс парк»да 500 дан ортиқ дарахт-кўчатлари экилади ва улар учун махсус суғориш тизими йўлга қўйилади.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида ҳаракатланаётган электробусни ҳам кўздан кечирди. «Яшил» транспорт тизимини ривожлантириш, метрополитеннинг кейинги босқичлари ва трамвай йўналишини белгилаш бўйича кўрсатмалар берди.
Ташрифнинг навбатдаги манзили – 72 гектарлик, 1 триллион 300 миллиард сўм эвазига қурилаётган «Тошкент индекс» мажмуаси
Шавкат Мирзиёев Янгиҳаёт туманидаги «Тошкент индекс» савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасини ҳам бориб кўрди. Мажмуа ҳудуди 72 гектар, бино-иншоотлар майдони 369,5 минг квадрат метрни ташкил этади.Бу ерда қарийб 1 триллион 300 миллиард сўм эвазига савдо дўконлари, логистика ва экспомарказлари, меҳмонхона, ошхона қурилмоқда. Уларда жами 13 мингта янги иш ўрни ташкил этилади. Лойиҳанинг биринчи босқичи жорий йил Наврўз байрами арафасида ишга туширилади.
Маҳалла раисларига мурожаат, танқид қилинган ҳокимлар, жамоат транспорти масаласи – президент ташриф якунида туман фаоллари билан йиғилиш ўтказди
Шавкат Мирзиёев ташриф сўнггида Сергели ва Янгиҳаёт фаоллари билан йиғилиш ўтказди. Президент Янгиҳаёт туманининг ташкил этилган вақтларини эслаб ўтди.«Бир пайтлари биз Янгиҳаёт туманини ташкил қилганимизда бу ерда ҳаёт бўлармикин, деган шубхалар бор эди. Агар биз Сергели билан Янгиҳаётни ажратмаганимизда 360 минг аҳолини бошқариш оғир бўлар эди ва бугунги натижаларга эриша олмасдик. Бундан беш йил аввал Сергелида янги туман, янги ҳаёт, кўп иморатлар бўлади деганимизда кўп дўстларимиз ишонишмаган эди. Мана, қилса бўлар экан», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари тадбикорлар ҳақида ҳам фикрларини билдириб ўтди. «Беш йил аввалги тадбиркор билан бугунги тадбикорни тенглаштириб бўладими? Бир тадбикор менга «Шавкат Миромонович, биз эркинмиз, қўрқмаяпмиз. Беш йил ичида мени ҳеч ким текширмади», деди. Бу гапларни нега айтапмиз? Бу ҳам бизнинг ўз тажрибамиз», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент Японияда ва бошқа ривожланган мамлакатларда маҳаллаларга бериладиган грантлар ҳақида айтиб ўтди.
«Маҳаллага беш, ўн, йигирма миллион доллар грант беради. Ҳозир маҳаллаларда иқтисодчиси ҳам, сиёсатчиси ҳам бор. Самолётга миниб, Японияга бориб, у ернинг тажрибасини ўрганиб келиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовдан маҳаллага грант бериш мумкинлиги ҳақида сўради. Вазир эса бу саволга «мумкин», дея жавоб берди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев метронинг қурилаётган қисмини Мустақиллик байрамигача битириш, трамвайнинг пойтахтга қайтиши ҳақида ҳам фикр билдирди. Давлат раҳбари маҳалла раисларига мурожаат қилди, шунингдек, Сергели туманидаги эски ёғоч уйларнинг бузилиши ҳақида гапириб ўтди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга президент борадиган ерларни алоҳида тайёрлашга уринмасликларини айтди.
Шундай қилиб Ўзбекистон Президентининг Янгиҳаётга ташрифи якунланди.
Изоҳ (0)