Тошкент шаҳри жамоат транспортида электробуслар ҳаракати йўлга қўйилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, 51-сонли Юнусобод мавзеси 6-даҳа—Бешёғоч майдони автобус йўналишида YUTONG электробуси ҳаракати бошланган. Электробусларнинг иш вақти 05:30 дан 22:30 гача белгиланган. Мазкур йўналишда 8 та электробус йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Куннинг тиғиз вақтларида электробуслар ҳаракати оралиқ интервали 10-11 дақиқа ҳисобланади.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва «Белкоммунмаш» раҳбари Владимир Корол ўртасида 2018 йил сентябрида бўлиб ўтган музокаралар якунига кўра, Беларусь электробусларидан бирини Тошкентда синаб кўриш бўйича келишувга эришилган эди. 450 минг долларга харид қилинган биринчи электробус Тошкентда 2019 йилнинг 13 сентябридан ҳаракатланишни бошлаганди. 2020 йилнинг март ойидан бошлаб эса Тошкентнинг 51-автобус йўналиши (Бешёғоч—Юнусобод) бўйлаб Хитойнинг YUTONG электробуси синов тариқасида қатнай бошлаганди.
Эслатиб ўтамиз, «Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинганди. Унга кўра, жамоат транспортининг ҳаракатланишидаги оралиқ вақти 2 баробарга камайтирилади.
Изоҳ (0)