Тошкент шаҳри кўчаларини тартибга келтириш ва велойўлакларни янада кўпайтириш мақсадида Яккасарой туманининг Бобур кўчасида ҳам йўл таъмирлаш ишлари бошланди, деб хабар беради пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.
Режага мувофиқ, Ислом Каримов ва Бобур кўчаси кесишмасидан Бобур кўчаси бўйлаб Бобур ва Нукус кўчалари кесишмасигача бўлган оралиқда велойўлак барпо этилади.
Шунингдек, автомобиллар қатнов қисмининг ўртасида бордюрлар билан мустаҳкамланган яшил майдонлар ташкил қилинади. Таъмирлаш ишлари жараёнида қатнов қисмининг битта йўлаги қисман ёпилиши мумкин.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ноқулайликлар учун узр сўрайди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг сентябрида «Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинганди. Қарорга кўра, Велоспорт турларини 2021–2022 йилларда ривожлантириш дастури тасдиқланган. 2022/2023-ўқув йилидан қуйидагилар ташкил этилади:
- Туризм ва спорт вазирлиги тизимига кирадиган Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати;
- қўшимча 25 та болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ҳамда спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида велоспорт турлари бўйича бўлимлар;
- Бухоро, Қарши, Навоий ва Термиз олимпия захиралари коллежларида велоспорт турлари бўйича бўлимлар.
Изоҳ (0)