Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида итлар оммавий ўлдирилгани айтилмоқда. «Меҳр ва Оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти маълумотларига кўра, ўнлаб ҳайвонлар чиқиндихонада отиб ташланган.
Маълум қилинишича, «Меҳр ва Оқибат» директори номига Қувасой шаҳрида итларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ва уларнинг ўлдирилишига оид ариза келиб тушган. Ариза муаллифининг ёзишича, 2022 йилнинг 25 январь куни маҳалла қўмитаси раиси ва икки нафар «участковой» номаълум шахслар ва Бошпанасиз ҳайвонларни тутиш хизмати Қувасой бўлими ходимлари ҳамроҳлигида тахминан ўнлаб итларни, хусусан, бўйинбоғи бор уй ҳайвонларини тутган.
Аҳолининг сўзларига кўра, ушланган ҳайвонлар чиқинди ташишга мўлжалланган машинага юкланган ва ўлдирилган. Ҳайвонларни ҳимоя қилишга уринган фуқаролар «туртиб юборилган ҳамда уларга нисбатан қўполлик ва таҳдид қилинган».
«Бу вақтда яқин атрофга қўйилган ‘Жигули’да учта қурол бор эди. Машина очиқ ва уни ҳеч ким қўриқламаётганди. Кейинроқ тутилган итлар чиқиндихонада отиб ташланган», — дейилади мурожаатда.
Ўз навбатида «Меҳр ва Оқибат» раҳбарияти Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига айбдорларга нисбатан қонун доирасида чора кўришлик учун илтимоснома йўллаган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг апрелида «Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти вилоятлар ветеринарларини Тошкентдаги хусусий клиникаларда бошпанасиз ит ва мушукларни стерилизация ҳамда кастрация қилиш (бичиш) бўйича ўқитиш лойиҳасини ишга туширганди.
Изоҳ (0)