Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ташаббуси билан Урганч шаҳрида Фанлар академияси академиклари, Тошкент Ботаника боғи раҳбарияти ҳамда Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари иштирокида янги боғ лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда воҳа иқлимига мослаштирилган ўсимликларни кўпайтириш ва шу орқали яшил маконлар зарурлиги таъкидланган. «Бу орқали ОТМлар талабалари бунёд этиладиган ботаника боғида амалиёт ўташи, ноёб ўсимликлар турларини яратиши ва кўпайтиришига эришиши мумкин», — дейди академик Комил Тожибоев.
Таъкидланишича, «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати доираси Қуйи Амударё ёки Оролбўйи минтақаси флорасини акс эттирадиган ва мана шу ерда ўсимликлар хилма-хиллигига ихтисослаштирилган, махсус чуқур тадқиқотлар олиб борадиган Ботаника боғини яратиш ташаббуси билан чиқилган.
Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиевнинг сўзларига кўра, Ботаника боғини Шовот канали ёки Урганч шаҳри атрофида қилиш режалаштилмоқда.
«Биринчи навбатда қилинадиган иш ўша жойнинг иқлимига мос, тупроғига мос ўсимлик дунёсини танлаб олиш керак. Яъни шу ҳудуд учун энг яхши ўсадиган ўсимликлар. Тошкент ботаника боғида 2 мингдан ортиқ тур бўлса, Хоразмлар уларнинг ҳаммасини олиб келиб, экиб ёки кўпайтириб бўлмайди. Чунки бу ернинг иқлими Тошкентникидан кескин фарқ қилади», — дейди Тошкент ботаника боғи директори Содиқжон Абдиназаров.
Изоҳ (0)