Жиззах вилояти ИИБ ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида халқаро террорчилик ташкилоти сафига бориб қўшилишни режалаштирган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида яшаган Х.Б. (1999 йилда туғилган) 2019—2021 йиллар мобайнида ишлаб пул топиш мақсадида хориж давлатларда бўлган. Бу жараёнда у «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотининг ёлловчилари ғоявий таъсирига тушиб қолиб, яшаш манзилига қайтиб келганидан сўнг уларнинг ғояларини 10 нафардан ортиқ тенгдошлари орасида фаол тарғиб қилган.
Шунингдек, унинг Сурияга бориб, халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшилишни режалаштиргани аниқланган ва ушланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёда мактаб ўқувчилари орасида жиҳод ва ҳижрат ғояларини тарғиб қилган шахсларга суд ҳукми ўқилгани, Тошкентда Сурияга бориб, жангарилар сафига қўшилишни режалаштирган талаба ва икки нафар мактаб ўқувчиси ушлангани, Фарғонада 19 ёшли ИШИД тарафдори қўлга олингани, Самарқандда «Жиҳодчилар»нинг 11 нафар виртуал аъзосига ҳукм ўқилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)