Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳайдовчилар ҳуқуқбузарликлари учун жарима баллари тизими жорий этилишини маълум қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
«Масалан, ҳайдовчи тезликни оширса – 1 балл, қизил чироқда ўтса – 3 балл ҳисобланади. Агар бир йилда қоидабузарликлар жами 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади», — деган давлат раҳбари.
Бундан ташқари, автомобилни тартибсиз бошқариб, бошқа ҳайдовчиларга халақит қилганлик учун алоҳида йўл безорилиги деган янги жавобгарлик тури киритилади.
Йиғилишда, шуниндек, ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда тўланадиган суғурта бадалини жарима балларидан келиб чиқиб белгилаш тартиби жорий этилиши ҳам белгиланган.
Шу билан бирга, йўл ҳаракати қоидалари анча эскиргани, халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.
«Қонунчиликка киритиладиган ҳамма янгиликлар депутатлар, экспертлар ва жамоатчилик билан бамаслаҳат ишлаб чиқилади», — деган президент.
Сўнгги пайтларда йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори фаолиятига қаршилик кўрсатиш, уларни обрўсизлантириш ҳолатлари кўпаяётгани сабабли қонунларни кўриб чиқишда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган.
Изоҳ (0)