Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида фуқароларнинг хориждаги ўқишини Ўзбекистонга кўчириб бериш эвазига пул талаб қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, 30 сентябрь куни Ш.Н. исмли фуқаро (37 ёшли) Қарши шаҳри «Малака ошириш» биноси ёнида фуқаро Ж.М. (37 ёшли)га унинг қўшни давлатдаги олий ўқув юртида ўқиётган укаси ҳамда жиянининг ўқишини Қарши давлат университетига танишлари орқали ўтказиб беришни ваъда қилган. Уларнинг ҳар бири учун 3000 доллардан, жами 6000 доллар пулларни алдов йўли билан қўлга киритиб, шу кунга қадар берган ваъдасини бажармасдан, пулларни ҳам қайтариб бермай келган.
Ҳолат юзасидан муқаддам судланган Ш.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. У гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)