Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида газдан ноқонуний фойдаланиб келган метан-заправкалардан бири аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Қизириқ туман бўлими томонидан «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида «Қ.М.» МЧЖга қарашли АГТКШ томонидан табиий газ тармоғига газ ҳисоблагич ускунасини айланиб ўтиш орқали улангани натижасида давлат ва жамият манфаатларига 448,4 миллион сўм зарар етказилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Энергетика вазирлиги қарийб 17 минг хонадоннинг 1 кунлик истеъмолига тенг газдан ноқонуний фойдаланилганини аниқлаганди.
Изоҳ (0)