Австралия 21 февралдан бошлаб чет элликлар, жумладан, коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлар учун ўз чегараларини очади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Скотт Моррисон маълум қилди, деб хабар беради ABC News.
«Шарт шундайки, сиз мамлакатга келишдан олдин иккита эмланишни олган бўлишингиз керак. Қоида шунақа ва умид қиламизки, унга барча риоя қилади», — дейди Моррисон.
Тиббий сабабларга кўра коронавирусга қарши эмланмайдиган хорижликлар мамлакатга кириш учун алоҳида тартибда рухсат олиши лозим бўлади. Агар уларга рухсат берилса, Австралияга келганидан сўнг икки ҳафталик карантинни ўтайди.
Аввалроқ Австралия терапевтик маҳсулотлар бошқармаси (ТГА) «Спутник V» вакцинасининг иккала дозаси билан эмланган фуқаролар мамлакатга кириш ҳуқуқига эга эканини маълум қилганди.
Австралияда пандемия даврида чегарани кесиб ўтиш бўйича энг қаттиқ чеклов чоралари қўлланилди. 2020 йилнинг мартида мамлакат ўз фуқаролари ва доимий резидентларидан бошқа барча учун чегараларини ёпди. Бундан ташқари, австралияликларга мамлакатни тарк этиш ва хориждан қайтиш чекланди.
Австралия чекловларни 2021 йил ноябрдан бошлаб ечишни бошлади. Аввалига коронавирусга қарши эмланган мамлакат фуқаролари ва резидентларига хорижга эркин чиқиш ва қайтиш имкони берилди. Кейинроқ эмланган хорижлик талабалар, малакали ишчилар ва бошқа қатори тоифадаги визаларга эга инсонларга, шунингдек, Япония ва Жанубий Кореядан келадиган туристларга чегаралар очилди.
Австралияда бутун пандемия даврида 2,3 миллион кишида коронавирус аниқланган ва 4,2 минг киши инфекция асоратлари оқибатида вафот этган (мамлакат аҳолиси салкам 26 миллионга тенг). Аҳолининг 16 ёшдан катта бўлган 93,7 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.
Январь ойида жаҳоннинг биринчи рақамли теннисчис Новак Жокович коронавирусга қарши эмланмагани учун Австралиядан депорт қилинганди. У Australian Open мусобақасига коронавирусга қарши эмланмасдан келган ва буни декабрь ойида COVID-19 дан тузалгани билан изоҳлаган. Австралия ҳукумати теннисчини «мамлакатга кириш учун ишончли далилларни тақдим этмади», дея ҳисоблаган.
Изоҳ (0)